Конституция – тараққиёт асоси
Маълумки, 25 июндан 5 июлга қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган.
Жараёнда юртимизда яшовчи турли миллат, элат, хусусан, миллий маданий марказ вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Юртимиздаги 152 миллий маданий марказ вакиллари учун онлайн ва офлайн очиқ мулоқот ташкил этилди.

Дастлаб лойиҳа ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот халқимиз хоҳиш-истаги, эзгу мақсади ифодаси, демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани таъкидланди. Сўнгги беш-олти йилда жамиятимизнинг барча соҳаларида катта ўзгаришлар рўй берди. Давлатимиз раҳбари Парламентга мурожаатида “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан бирга қурамиз” ғояси ўртага ташлаган эди. Аввалги ўзгаришларда асосий эътибор давлат бошқарувига берилган бўлса, бугун таклиф этилаётган нормада, асосан, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Конституциямизга ўзгариш киритиш, Бош қомусимизни замон талабига мос қонунлар билан янгилашда кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродаси, таклифлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида айтиш керак, конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 моддасига 200 дан зиёд ўзгариш киритишни назарда тутади. Бундан ташқари 6 янги модда билан 16 янги норма киритилмоқда. Ҳужжатни, хусусан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги, тадбиркорлик ва ерга оид, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзгартириш таклиф этиляпти.

Йиғилишда мазкур ўзгаришлар ўртага ташланиши сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Ушбу конституциявий ислоҳотлар замирида инсон қадри, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик мужассам экани қайд этилди.

Йиғилишда сўзга чиққан тожик, рус, украин, қирғиз, уйғур миллий маданий марказлар раислари муҳокамага қўйилган масалани маъқуллаб фикр билдирди. Конституциявий ўзгариш халқимиз турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилиши эътироф этилди. Айниқса, оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш зарурлиги таъкидланди.

- Бош қомусимизга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш бўйича фикр алмашдик, - деди Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматилла Жабборов. – Жамият, замон ўзгармоқда, тараққиёт сари илдам одимламоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан охирги беш йил ҳамма соҳаларда туб янгиланиш сари тарихий ишлар амалга оширилди. Масалан, 2018 йил Ўзбекистондан қирғиз миллатига мансуб фуқаролар кўчиб кетган эди. Улар юртимизга қайтишни истайди.

Афсуски, ҳозирча бунинг иложи йўқ. Янги Конституциямизга бир вақтлар Ўзбекистондан чиқиб кетган ватандошларимиз яна қайтиб келишига рухсат бериш таклифи киритилди. Бу барчамизни бирдек қувонтирмоқда.

Йиғилишда Конституцияни янгилашдек муҳим масалани халқимиз, кенг жамоатчилик билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибани чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилиш кераклиги алоҳида маъқулланди.

Миллий маданий марказ вакиллари ҳам янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ўз таклифларини билдириб, ушбу муҳим, тарихий воқеада фаол иштирок этмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА