Конституция ислоҳотларнинг муҳим асоси
Президентимизнинг жорий йил 8 ноябрдаги фармонига биноан “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилган эди.
Нурафшон шаҳрида Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент вилоятининг бир гуруҳ депутатлари, тадбиркорлар, экспортёрлар, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, журналист, блогерлар ҳамда меҳнат фахрийлари мазкур эсдалик нишони билан тақдирланди.

Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев тантанали топширди. Шундан сўнг байрам тадбирининг бадиий қисми Олмалиқ шаҳрининг “Металлурглар” маданият саройида давом этди.

Вилоят ҳокими барча қатнашчиларни қутлуғ сана билан табриклаб, Конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрнига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, Бош қомусимиз мамлакатимизда инсон қадри, унинг эркин ва бахтли-саодатли ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам асосидир. Байрам муносабати билан вилоят ҳокими спорт ва санъатда муносиб ютуқларга эришаётган истеъдодли ва умидли ёшларнинг бир гуруҳига фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.

Тантанали байрам маросими санъат усталари ва ижрочи ёшлар томонидан тайёрланган бадиий-мусиқий дастур билан давом этди.
А. Мусаев, ЎзА.