Кон-геология соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар
Жорий йилнинг 7 август куни «Олмалиқ КМК» АЖ Муҳандислик мактабида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан вилоят ҳокимликлари, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимларининг сунъий интеллект технологиялари бўйича маслаҳатчилари учун «Кон-геология соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар» мавзусига бағишланган ўқув-амалий семинари ташкил этилди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Хамидова бошчилигида ҳокимларнинг сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиларига методик ҳамда амалий кўмак бериш мақсадида ташкил қилинган тадбир ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланди.

Семинарда Технологик трансформация маркази раҳбари О.Файзуллаев, вазирлик ҳамда ОКМК мутасаддилари томонидан ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича эришилган юксак натижалар, истиқболли инновасион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволлар атрофида қизғин давра суҳбати ташкил этилиб, вазирлик ва комбинат тизимида муваффақиятли синовдан ўтган рақамли дастурларни ҳудудларда ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятида кенг жорий этиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди.

Билдирилган назарий билимларни амалиётда кўриш мақсадида, тадбир иштирокчилари комбинатининг энг йирик ишлаб чиқариш майдонларида бўлишди. Хусусан, меҳмонлар «Қалмоққир» конидаги рақамлаштирилган технологик ишлаб чиқариш жараёнлари, кон-транспорт мажмуасини автоматик бошқариш тизимлари ҳамда янги барпо этилган — 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти ва у ерда жорий қилинаётган ахборот технологиялари билан яқиндан танишиб, комбинатнинг улкан технологик салоҳиятига юқори баҳо бердилар.

Тадбирда Технологик трансформация маркази томонидан ҳудудий ҳокимликларга методик ва амалий кўмак беришни изчил давом эттириш, тизимли ҳамкорлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Ахборот хизмати