Компания маркази иш бошлади
Жиззах шаҳрида замонавий автосервис инфратузилмасининг яна бир муҳим бўғини — Хитойнинг нуфузли BYD компаниясининг янги дилерлик ва сервис маркази фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳа ҳудудда экологик тоза транспорт воситаларини оммалаштириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйишда янги босқични бошлаб берди.
Тантанали очилиш маросимида компаниянинг сўнгги авлод гибрид модели намойиш этилди. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу технологиялар нафақат ёқилғи тежамкорлиги, балки атроф-муҳитга бўлган таъсирни камайтириш жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Янги марказ замонавий диагностика ва таъмирлаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, малакали мутахассислар томонидан хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Бу эса электромобил ва гибрид автомобил эгалари учун қулайликлар кўламини кенгайтиради.
Маълумки, мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, экологик тоза транспорт воситаларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат раҳбарининг электр транспортини қўллаб-қувватлашга оид қарор ва фармонлари ижроси юзасидан ҳудудларда инфратузилмани кенгайтириш, хорижий инвесторлар иштирокида янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-28427]
Жиззахда ишга туширилган мазкур марказ ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир. У нафақат янги иш ўринлари яратилишига, балки ҳудудда инновацион транспорт маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Қисқаси, BYD компаниясининг мазкур ташаббуси Жиззахни “яшил технологиялар” сари етакловчи муҳим қадамлардан бирига айланмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА