Кўмир таъминоти: янги тартиб нимани ўзгартиради?
2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолига маҳаллий кўмир етказиб бериш тизимида янги тартиб жорий этилмоқда. Янги механизмга кўра, аҳолига кўмир маҳсулотларини етказиб бериш жараёнида хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этади.
Янги тартиб истеъмолчилар учун кўмир маҳсулоти, нархи ва етказиб берувчини танлаш имкониятларини кенгайтириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. Мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарори асосида амалга оширилмоқда.
Унинг доирасида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан, бир тақвим йилда жами 600 минг сўмгача компенсация берилиши белгиланган.

Кўмир қачон ва қаердан сотилади?
2026 йилда аҳоли эҳтиёжлари учун “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 1 млн 530 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. Айни пайтда маҳсулотни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси эҳтиёжлари учун биржа савдоларига чиқарилган маҳаллий кўмирнинг дастлабки партиялари хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинди. Ҳозирда шартнома расмийлаштириш ҳамда кўмирни белгиланган ҳудудларга етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.

Кўмир тегишли омборларга етказиб берилгач, унинг аҳолига сотуви тадбиркорлар томонидан mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади.
Сотув бошланадиган сана, омбор манзили, мавжуд кўмир миқдори ва бошқа зарур маълумотлар mycoal.uz платформасида ҳудудлар кесимида очиқ эълон қилиб борилади. Шу сабабли аҳолидан кўмир сотуви билан боғлиқ маълумотларни фақат расмий ахборот манбалари ва mycoal.uz платформаси орқали олиш сўралади.
Айни вақтда ҳудудларда хонадонлар рўйхатини шакллантириш ва аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Хонадонлар эҳтиёжини қисқа муддатларда тўлиқ шакллантириш кўмирни ҳудудларга самарали тақсимлаш ва аҳолига ўз вақтида етказиб беришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

“Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли эҳтиёжлари учун тасдиқланган баланс доирасидаги маҳаллий кўмирни белгиланган тартибда биржа савдоларига чиқариш, савдоларда ғолиб бўлган тадбиркорларга ўз вақтида ортиш ва ҳудудларга етказиб бериш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Корхона аҳолига кўмир етказиб бериш жараёнида очиқлик, шаффофлик ва тезкор ахборот бериш тамойилларига амал қилади ҳамда жараённинг бориши бўйича жамоатчиликка мунтазам маълумот тақдим этиб боради.
Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ бош директорининг
матбуот котиби.
ЎзА