Кўмир брикет маҳсулотлари ишлаб чиқарилади
Мамлакат иқтисодиётининг муҳим пойдеворларидан бири ҳисобланган саноатни ривожлантириш, шу орқали аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, республикамизнинг саноат ва тадбиркорлик марказига айланган Наманганда бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор.

Айни шу эътибор ва рағбатнинг амалий ифодаси сифатида, вилоятни тоғли Қамчиқ довони билан боғловчи Поп туманида йиллик 100 минг тонна кўмир брикет маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимда Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов қатнашиб, бундай йирик ва истиқболли лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Tashkent Trade Center” хорижий корхонаси томонидан татбиқ этилган мазкур кўмир брикет ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига тегишли, йиллар давомида самарасиз қувватларда ишлаб келган кўмир брикет корхонаси “Е-аукцион” оммавий савдо майдончалари орқали сотиб олиниб, зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.

Корхона ишга туширилиши натижасида, туман аҳолиси учун 150 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур завод Поп туманининг саноатдаги имкониятларини ва янги қувватларини 180 миллиард сўмга ўсишини таъминлайди.
Шунингдек, маҳсулотлар Европа давлатларига ҳам экспорт қилиниши режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.