Комил инсонни тарбиялашга масъулмиз
Кейинги йилларда юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда.
Ёки ўқув дарсликлари ҳақида айрим мулоҳазалар
Кейинги йилларда юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Узлуксиз маънавий тарбия концепциясига мувофиқ умумий ўрта таълим тизимида ўқитиладган “Одобнома”, “Ватан туйғуси”,”Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ва “Динлар тарихи” фанлари асосида “Тарбия” фанини ўқитиш кўзда тутилган.
Таълим тизимидаги қоидага мувофиқ, янги киритилаётган фанларнинг таълим стандартлари ва ўқув дастурлари тажриба-синовдан ўтказилади, шундан сўнг уларга зарур ўзгаришлар киритилиб, тасдиқланади ва таълим жараёнига татбиқ қилинади. Фақат шундан сўнггина ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратилиб, чоп этилиши керак.
Назарий жиҳатдан барча йўналишдаги ўқув дарсликлари ана шу йўлни босиб ўтиши зарур, шундагина уларнинг мазмуни расмий тасдиқланган таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мос келишига эришилади. Аммо бу тартибга ҳамма вақт ҳам амал қилинавермайди. Жамиятимиз ҳали камчиликлардан холи эмас. Таниш-билишчилик каби иллатлар бу соҳада ҳам анча кенг тарқалган ва ўзининг таъсирини кўрсатишини ҳеч ким инкор этмайди.
Халқ таълими вазирлигининг ахборотига кўра, 1-9 синфларда ўқитиладиган “Тарбия” фанларининг стандартлари, ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилган, улар асосида яратилган дарсликлар тажриба-синовдан ўтказилган ҳамда тасдиқланиб ўқитишга тавсия қилинган. 10-11 синфларнинг “Тарбия” фанлари ўқув дастурлари ва дарсликларини эса 2020-2021 ўқув йилида тажриба-синовдан ўтказиш мўлжалланмоқда.
Ижтимоий фанлардан ўқув дастури яратишда жамиятда, хусусан, мамлакатимиздаги ўзгаришларни кўриш, акс эттириш, уларни бўлажак ўқув дастурларига киритиш, мутасадди ташкилотларда ишлайдиган кишиларни шу пайтгача амал қилиб келган ўқув дастурларига ўзгартириш киритишга ишонтириш, уларни тасдиқлатиш, тасдиқланган ўқув дастурини чоп этишга топшириш керак. Бунинг учун камида бир-бир ярим йил вақт кетади. Шундан сўнг (ёки унинг тасдиқланишига жуда ҳам ишонилса, у билан параллел равишда) ушбу фанларнинг ўқув дастурларига мос келувчи ўқув қўлланмаларини ёзиш лозим. Бу эса камида 200 бетдан иборат иш. Уни тақризчиларга бериб, тақриз олиш, яна анча-мунча мутасадди ташкилотларнинг розилигини олиш, ниҳоят, уни босмахонага топшириш керак. Таълимга оид “маҳсулот” ана шу йўллардан ўтиб, китоб ҳолига келгунча ва босилиб чиққунга қадар жамиятда ва ўқув қўлланмасида тилга олинган унинг соҳаларида яна ўзгаришлар юз беради (бунга ёрқин мисол сифатида мамлакатимизда ҳар ойда ўнлаб қонун ва қарорлар қабул қилинаётганини кўрсатиш мумкин) ва ўқув қўлланмаси яна ҳаётдан орқада қолиб кетади. Бу масаланинг бир томони.
Иккинчидан, мамлакатимиз мустақилликка эришган 29 йил давомида жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юз берган ўзгаришларнинг қанчалик чуқур ва кенг қамровлилигини кўриб турибмиз. Бу жараён сўнгги икки-уч йилда мисли кўрилмаган тарзда янада тезлашиб кетди, жамиятимизнинг барча соҳалари космик тезликда ўзгармоқда. Аммо ана шу соҳаларни тушунтириб бериши лозим бўлган фанларнинг барчасида ҳам ҳаётдаги ўзгаришларга мувофиқ янгиланишлар бўляпти, дейишимиз қийин.
Учинчидан, юртимизда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ҳар йили 550-600 минг атрофида ўқувчи битиради. Аммо ҳозирги кунда кўпи билан уларнинг 20-30 фоизигина олий таълим муассасалари (ОТМ)да таълим олишни давом эттира олади. Чунки ОТМга қабул қилиш квотаси шундай. ОТМга кирган “бахтли” талабаларга ўқиш давомида ижтимоий фанлардан дарс берилади ва улар жамият ҳақида нисбатан анчагина чуқур билимларга эга бўлишади. Қолганлари эса, хоҳлайдими, йўқми ҳаёт, турмуш деб аталмиш оқимга қўшилишга, тирикчилик қилишга, ота-онаси ёнида ёки мустақил яшашга мажбур.
Улар яқин-яқинларгача инсон, унинг моддий ва маънавий ҳаёти ва жамиятнинг бутун мураккабликлари ҳақидаги дастлабки (ОТМга кира олмаганлари эса, эҳтимолки, ўз ҳаётларида сўнгги бор) жиддий умумий билимларни «Шахс ва жамият” (“Жамиятшунослик”) фанини ўқиш мобайнида олишдек ягона имкониятга эга эди. Аммо бу ҳам уларга кўп кўрилди. Улар анча йил илгари инсон ва жамият ҳақида бошланғич илмий тасаввурларни олиши ижирғаниш уйғотадиган “фанча”лар кўпайиб кетди. Хайриятки, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тилга олинган қарори бу борадаги кўплаб камчиликларни тугатиш ва ижтимоий-гуманитар фанлардан дарс беришни йўлга қўйишга имкон яратди. Ҳа, имкон яратди, холос. Аммо ана шу имкониятдан тўғри фойдаланаяпмизми? Менимча, йўқ.
Юқорида 1 – 8 синфлар учун “Тарбия” йўналишидаги фанлар ўқув дастурлари яратилгани ва дарсликлар чиқарилгани, уларнинг тажриба-синовдан ўтказилгани айтилди. Нега ана шу жараёнлар ҳақида ягона педагогик газета бўлмиш “Маърифат”да таҳлилий ва умумлаштирувчи мақолалар чиқарилмади, уларда иштирок этган педагогларнинг фикрлари, танқидий мулоҳазалари чоп этилмади. Ҳозирги талабларга кўра, ҳар бир ўқув предметида битта эмас, камида иккита (яъни вариатив) ўқув дастури, демакки, ўқув қўлланмаси бўлиши керак-ку? Бу талаб қандай бажарилгани ҳақида ҳеч қандай ахборот йўқ. Ахир, бундан жамиятимиз фақат фойда кўрар эди-ку?
Ҳозир ҳам 10 – 11 синфлар учун яратилаётган “Тарбия” (ёки бошқа номдаги) фанларининг ҳеч бўлмаса вариатив ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ушбу газетада чоп этиш, уларни кенг педагогик омма эътиборига ҳавола қилиш ва улар ҳақида педагогларнинг фикрини эшитиш фойдадан холи бўлмайди. Улар ҳар бир синфда битта эмас, албатта, камида иккита (яъни муқобили) бўлиши шарт. Ана шунда ўқитувчиларда уларни бир-бирига солиштириш, танлаш ва, эҳтимол, тўлдириш имконияти вужудга келади. Чунки охир-оқибат, бу фанлардан дарс бериш уларнинг елкасига тушади-ку.
Яна бир мулоҳаза. Ҳозирги пайтда бутун таълим тизимининг қайта кўриб чиқилиши муносабати билан уларда жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, ОТМларнинг бакалавриатида ўқиш муддатини уч йилга, магистратурада эса 1 йилга тушириш тавсия этилмоқда ва бу таклиф яхши қарши олинмоқда. Бу, ўз навбатида, ўқитиладиган номутахассислик фанларининг қисқаришига олиб келиши, шубҳасиз. Қисқартиришга тавсия этилувчи энг биринчи номзодлар ижтимоий-гуманитар фанлар бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмайди.
Гапнинг индаллоси шуки, катта эҳтимол билан олий таълимда қисқартиришга тушувчи этика ва эстетика фанларини тегишли ўзгартиришлар киритиб, 10 ёки 11 синфларга жорий этишни таклиф қиламан. Яъни ОТМларда ўқитилаётган “классик” этика ва эстетика ўрнига ана шу фанларнинг асосларини, яъни бошланғич даражасини ўрта ва юқори синфларда ўқитиладган “Одобнома”, “Ватан туйғуси”,”Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ва “Динлар тарихи”даги ахлоқий ва эстетик фикрларни умумлаштирувчи, аммо уларни олий таълимдагидек мавҳумлаштирмай, соддароқ, оммавийроқ, ўқувчилар ёшини ҳисобга олган ҳолда изоҳлаб берувчи, уларнинг “қаймоғини” тушунтирувчи, баҳс-мунозара усулида олиб борилувчи “Ахлоқий ва эстетик тарбия асослари” фани киритилишини таклиф этаман. Ана шунда паст синфларда ўтилган мавзулар мазмуни яна бир бор, аммо юксакроқ даражада қайтарилади, улар умумлаштирилади, таҳлил қилинади, улардаги тарбиявий жиҳатлар ўқувчилар онгида мустаҳкамланиб, мустақил хулосалар чиқариш қобилияти шакллантирилади, яъни ахлоқий ва эстетик тарбия жараёни юз беради. Айни пайтда олий таълимдаги оғриқли қисқартириш жараёни юмшатилиб, умумий ўрта таълимда кўпчиликнинг жонига теккан “қуруқ” маънавий тарбия янги мазмун билан бойийди.
Жамият нима, у қандай тузилган, унинг таркибий қисмлари бир-бири билан ўзаро қандай боғланган, турли жамиятларнинг ўзига хослиги ва умумийлиги нимада, “ҳазрати инсон”нинг ўзи ким, нега тарих баъзиларга буюк ролни амалга оширишни топширади, бошқаларга эса йўқ, кишиларнинг ахлоқий, сиёсий, диний, эстетик, ҳуқуқий дунёқарашлари қандай таркиб топади, улар инсон фаолиятида қандай ўрин тутади, кишилар орасидаги ҳар хил муносабатларнинг вужудга келишига сабаб нима, кишилик жамиятининг ўтмиши қандай бўлган, ҳозири қанақа ва келажаги қандай бўлади, деган масалалар, ҳар ҳолда озми-кўпми, ёрқинми-хирароқми, одамлар онгида албатта пайдо бўлади, улар диққатини ўзига тортишда давом этаверади. Аммо мактабни битирган, аммо ОТМга кира олмаганлар энди бундай саволларни мактабда дарс берадиган ўқитувчилардан сўраш давридан ўтиб бўлишган. Уларнинг ҳаммаси ҳам атрофида уларнинг ана шундай саволларига жавоб беришга қодир одамларни топа олмайди ёки ана шундай саволларга жавоб бермоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бундай саволларига тўғри жавоб беришига ҳеч ким кафолат бермайди. Бундай пайтларда уларнинг билимсизлигидан фойдаланиб, бошқача йўналишларга тортиб кетаётганлар ҳам борлиги ҳозир ҳеч кимга сир эмас. Дунёда юз бераётган воқеалар бунга яққол мисолдир. Юртимизнинг турли бурчакларида ўзи етарли таълим олмаган, олганда ҳам ўз мустақил фикрига эга бўлмаган баъзи кишиларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани ҳам бу масала ғоят долзарб аҳамиятга эгалигидан далолат беради.
Шу маънода, ҳар йили жамият сафига қўшилаётган юз минглаб ана шундай “янги” одамларни ўзлари яшаб турган жамият ва ундаги маънавий ҳаёт ҳақидаги билимлар билан қуроллантириш, уларнинг ижтимоий жараёнлардаги иштироки ўзлари англаган ҳолда бўлишини таъминлаш кўп жиҳатдан жамиятнинг ўзи нима, унинг қандай соҳалари бор, бу соҳалар қандай ўзгаради, инсон ким, унинг онги, ўй-хаёллари, орзу-умидлари, ўзаро муносабатлари қандай юз беради... ва бошқа кўплаб саволларга жавоб бера оладиган ўқитувчиларга боғлиқ. Аммо Халқ таълими вазирлигидаги баъзи мутасадди ходимларнинг “эринчоқлиги”, “хоҳламаганлиги” ёки бу масаланинг бунчалик катта аҳамиятга моликлигини тўлиқ англаб олмаганлиги сабаб “Инсон ва жамият” фани таълим жараёнидан четга чиқариб қўйилди. Унинг ўрнига 10-11 синфлар учун “Маънавият асослари” фани қолдирилди ва ўқувчилар онгига сийқаси чиққан “юксак маънавий” фикрларни сингдириш давом эттирилди. Аслини олганда жамиятнинг ўзи нималигини билмай туриб, унинг таркибий қисмларидан бири бўлган маънавият ҳақида дарс бериш, отнинг олдига аравани қўйиш билан тенг эмасми?
Президентимиз Тошкент шаҳрида коллежлар қисқартирилиши ва 10-11 синфларни очиш ҳақида гапирганларида, бу синфлар очилишини бир-икки йил тажриба қилиб кўриш ва сўнгги қарорга келишни таклиф қилган эди. Шуни дастак қилиб олган Республика таълим маркази (РТМ)нинг баъзи мутасадди ходимлари, “барибир тажриба бўлар эканку, ана шу йиллар ичида тўғрилаб оламиз” деб “Маънавият асослари” фанидан жуда юзаки тузилган ўқув дастурини 10 ва 11 синфларда қўллаш учун тавсия қилиб юборишди (у лицей ва коллежларнинг 1 ва 2-курсларида ўтиларди). Аммо воқеалар ривожи жуда ҳам тезлашиб кетди ва республиканинг барча ҳудудларида 10-11 синфлар очилди. Тажриба ўтказиш ҳақидаги гаплар унутилди. Фундаментал аҳамиятга эга бўлган, аммо “кўринмайдиган” ўринга тушиб қолган “Инсон ва жамият” (“Жамиятшунослик”) фани ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмади ва билишимча, бу ҳақда ўйлаб кўришни бош оғриқ деб қабул қиладиганлар вазирликда анчагина.
“Маънавият асослари” фанининг сўнгги йилларда амал қилиб келган ўқув дастури кўр-кўрона тузилган, ҳаддан зиёд саёз, яъни унда “Арава қуруқ олиб қочилган”. Ҳар бир гапда “маънавият”, “маърифат” сўзларини ўрни келганда ҳам, келмаганда ҳам қайтараверишдан ўқувчи маърифатли бўлиб қолмайди, аксинча беихтиёр улардан ижирғаниш пайдо бўлади. Ўқув дастурида ўқитувчилар у ёки бу мавзудан дарс ўтишда конкрет нималарни ёритиб бериши кераклиги масаласи аниқ, тўлиқ ва изчил кетма-кетликда кўрсатиб ўтилмаган. Яъни бу фаннинг ўзига хос “йўл харитаси” кўрсатиб берилмаган. Ҳар бир мавзуга икки ёки уч қаторгина мавҳум изоҳ берилган, холос. Бу билан ўқитувчиларга мавзуни ўзи билганча “олиб қочишга” имкон берилган. Шунинг учун ҳар бир ўқитувчи бу фанни ўз лаёқатига қараб турлича ўқитаяпти.
Аслида ўқув дастури мавзулари берилаётганда шу мавзуни тўлиқроқ очиш учун имкон қадар кўпроқ маълумотлар берилиши керак. Ҳозирги кунда бу фанлардан тарихчилар ҳам, адабиётчилар ҳам, ҳуқуқшунослар ҳам ва мактаб директорига ёқадиган бошқа фан вакиллари ҳам дарс беравериши мумкинлиги ҳаммага аён. Ўқув дастурнинг кенгроқ берилиши уларга нималар ҳақида гапиришни тушуниб олишга ва ўзида мавжуд манбаларга таяниб, дарсларга тайёрланишга имкон беради. Жамият, маънавият ва маърифат соҳаларида объектив ривишда фақатгина ижобий нарсалардан ташқари, камчиликлар, тубанликлар, оғриқли, салбий жиҳатлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу пайтгача улар ҳақида умуман тушунча берилмас, берилганда ҳам юзаки, олди-қочди, ишонарсиз билим бериларди. Фақат ижобий нарсалар ҳақида гапириш билан иш битганда, жамиятда фақат ижобийлик ва яхшиликлар ҳукмрон бўлган бўларди. Шунинг учун энди жамият ва маънавий тарбияга оид фанларда фақат ижобий жиҳатларни эмас, мавжуд камчиликларни гапириш, уларни таҳлил қилиш ва камайтириш учун нималар қилиниши борасида ўқувчилар билан очиқ-шаффоф мулоҳазалар юритилиши керак. Бу уларни жамиятда яшашга ва мактабни битиргач пайдо бўладиган кўплаб муаммоларга тайёрлайди.
Мавжуд ўқув дастурлари жуда тор ва уларда кўрсатилган таъкидлар абсолют ҳақиқат ва сўнгги даражадаги фикрлар сифатида берилган, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш жараёни жуда торайтириб қўйилган. Яъни барча мавзулар фақат ижобий, салбий жиҳатлар ва мавжуд камчиликлар гапирилмайди. Ўқувчиларга ҳақиқий баҳс-мунозара юритишга имкон берилмайди. Ҳамма нарсанинг қандайлиги ва қандай бўлиши лозимлигини ўқитувчи гапириб беради. Яъни тайёр жавоблар ўқувчилар “оғзига солиб қўйилади”, улар фақат буни чайнаб ютишса бўлди – олам гулистон. Аслида у ёки бу ҳодиса ҳақида баҳс-мунозаралар орқалигина ҳақиқатга эришилади ва бу ўқувчилар онгида мустаҳкам сақланиб қолади.
Ҳозирги пайтда жамият учун ўқувчиларнинг ахборотни мустақил излаши, топиши, таҳлил қилиши ва ҳосил қилинган янги ахборот асосида қарор қабул қилиши, яъни танқидий фикрлаши (яъни ҳамма нарсани “танқид қилиш” эмас, балки муаммони турли нуқтаи назардан таҳлил қилиш ва асосланган баҳо бериши) муҳим. Аммо мавжуд дастурларда дарсларни баҳс-мунозара шаклида ўтиш ва уларни қандай ташкил этишга ҳеч қандай ўрин қолдирилмаган.
Ўқувчи маънавияти барча фанлардан олинган билимларининг тўлиқлиги ва мазмунига боғлиқ. Яъни жамият, инсон, инсоний ўзаро муносабатларнинг ранг-баранглиги, камалак мисол инсоний муносабатларнинг реал ҳолати, яъни мавжуд ижобий, салбий жиҳатлари, юксаклиги ёки тубанлиги, инсон ва жамиятнинг маънавий ҳаёти, уларнинг тузилиши, кечиши, актуаллиги тобора ошаётган турли халқаро муносабатлар, ҳозирги халқаро муносабатларда мамлакатимизнинг ўрни, олиб бораётган тинчликсевар халқаро сиёсати... ва бошқа барча мавзулардаги маънавий жиҳатларни биз 11 синфларда ўтишни таклиф этаётган «Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанининг дастуридаги барча мавзуларга сингдириш мумкин. Бу эса ўқувчиларнинг жамият ва инсон ҳақидаги билимларни олиши билан бир қаторда уларнинг маънавияти ҳам бойиб боришини таъминлайди. Аслида ижтимоий фанларни ўқитишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эмасми?
“Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанида ҳозирги кунда дарс берилаётган “Маънавият асослари” фанида очиб бериш мумкин бўлган ва унинг предмети доирасидан ҳам кенгроқ барча масалаларни тўлиқ ва кенг қамровли ёритиш имкони мавжуд. Бу фан ўқувчилар онгига жамият, унинг тузилиши, амал қилиши хусусиятлари билан бир қаторда ундаги маънавий-тарбиявий жиҳатларни комплекс ҳолда етказиши мумкин. Уларни янада чуқурроқ ўрганиш, ҳар бир ижтимоий фанни ўзлаштириш эса таълимнинг кейинги босқичи – олий таълим даражасида амалга оширилади. Ушбу фандан дарс бериш йўлга қўйилса, ОТМга кира олмаганлар ўзларида мавжуд билимлари билан ҳар ҳолда жамиятда қоқилмай, адашмай яшашнинг бошланғич кўникмаларини олган бўлишарди.
Киши ўз ҳаётида мураккаб вазиятлар гирдобига тушиб қолиши мумкин. Ана шундай шароитда, яъни қадриятларнинг қайтадан баҳоланиши жараёнида эсанкираб қолмаслиги учун улар ностандарт фикрлашга қобил бўлишлари лозим. Дарс мобайнида баъзи ўқувчиларда кўпчиликка мос келмайдиган фикрлар ҳосил бўлиши мумкин, бу табиий ҳолат. Таълимнинг мақсади бир хил фикрлайдиган кишиларни "қолипдан чиқариш" эмас, балки уларга мустақил фикрлаш кўникмаларини сингдиришдир. Шу боис мазкур курсни ўрганиш пайтида иложи борича ҳар бир дарсни баҳс-мунозара тарзида ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Илғор педагогиканинг хулосаларига кўра, ўқиш орқали олинган ахборотнинг 10 фоизи, кўриш орқали олинган ахборотнинг 30 фоизи, эшитиш орқали олинганнинг 35 фоизи ўзлаштирилган бир пайтда, кўтарилган муаммоларнинг ечимини топишдаги баҳс-мунозаралар пайтида зарурий ахборотларнинг 80-90 фоизи ўзлаштирилар экан. “Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанида жамият ва инсон ҳаётида учрайдиган турли муаммолар, уларнинг инсон шахсига таъсири, инсоннинг ана шундай воқеалар гирдобидаги хатти-ҳаракатлари тўғрисида баҳс юритиш, мустақил фикрлар "мусобақаси" ташкил қилиш тавсия этилади.
Ўсиб келаётган ёш авлодни умуминсоний қадриятлар, миллий-маданий анъаналар руҳида, маънавий-ахлоқий тарбиялаш вазифаларини амалга оширишда “Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанида Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти, унинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва роли, ҳозирги кунда жамиятимизда кечаётган ўзгаришлар жараёни, инсоннинг ички дунёси ва маънавий эҳтиёжлари ҳақида мустақил хулоса чиқаришга ўрганишлари муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчиларда мустақил фикрлаш, ўз фикрларини асосли ҳимоя қилиш, бошқача фикрлайдиганларнинг фикрини ҳурмат қила билиш, улар билан одоб доирасида баҳслашиш кўникмаларини ҳосил қилиши учун “Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанида дарсларнинг баҳс-мунозара тарзида ташкил этилишига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ.
«Жамиятшунослик: дунёқараш тарбияси” фанини ўрганиш жараёнида ўқувчиларда ахборот тўплаш, у билан ишлаш ва, энг асосийси, ҳаётда учрайдиган муаммолар, уларни вужудга келтирувчи омиллар ҳамда уларни ечиш йўллари ва усуллари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни муҳокама қилиш имконияти мавжуд. Баҳс-мунозара дарсларда уларнинг қизиқарли олиб борилиши ҳамда мунозарага ундайдиган масалаларни ўз ичига олувчи бадиий асарлар ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига оид баъзи қонун ҳужжатларидан олинган парчалардан иборат ўзига хос хрестоматия бўлиши керак.
Маълумки ҳозирги пайтда деярли барча мактаблар информацион-коммуникация тизимларига эга. Шундан келиб чиқиб дарсларда турли ҳаётий вазиятларни ҳар томонлама ёритиб бераётган журналист-блогерларнинг видеолавҳаларидан тайёрларган видеохрестоматия тайёрлаш зарур. Турли мавзуларни ўрганишдан олдин ўқувчилар уларга оид видеолавҳаларни кўриб келсалар дарслар тўлақонли ва қизиқарли ўтиши, шубҳасиз
Бу фандан баҳс-мунозара дарслари олиб боришда ўқитувчилар фойдаланиши учун ўқув-услубий қўлланма устида ишламоқдамиз. Борди-ю, биз тавсия этаётган ўқув дастурлари тасдиқланса, биз бунга жуда ҳам умид қиляпмиз, ана шу дарсларни тўлақонли ташкил этишга хизмат қилувчи бошқа ўқув материалларини ҳам тезда тайёрлаб беришни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз.
Тажриба-синовни ўтказиш учун яна бир мулоҳаза. Таклиф этилаётган фанларнинг ўқув дастурлари муҳокамасини бу жараённинг объективлиги ва кўламини кенгайтириш учун барча вилоятлардаги ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари базасида малака оширишга келган ўқитувчилар иштирокида ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бир ой ичида (малака ошириш муддати шундай) 10 ва 11 синфларнинг ҳар бири учун таклиф этилаётган мавжуд барча ўқув дастурлари муҳокама қилиниши керак. Ана шунда ўқитувчиларда уларни ўзаро таққослаш ва яхшироғини танлаш имконияти бўлади. Акс ҳолда уларда “юқоридан” таклиф этилган битта вариантни танлашдан бошқа илож қолмайди. Абдулла Авлоний номидаги марказий институт ёки Тошкент шаҳридаги малака ошириш марказларидаги муҳокамаларга эса дастур муаллифларини ҳам таклиф этиш фойдадан холи бўлмайди. Ана шундагина муҳокама жараёнининг ҳақиқатан ҳам очиқ ўтиши таъминланиб, келажакда бўлиши мумкин бўлган турли нохолис фикрларнинг олди олинади.
Халқ таълими вазирининг ОАВ орқали чиқишларида кўплаб марта халққа мурожаат қилиниб, таълимдаги ўзгаришлар ҳар бир кишига дахлдорлиги, унинг ривожига ҳар бир киши ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлиги айтилди, вазирликка таклиф ва мулоҳазаларни тақдим этишга чақирилди. Бу мурожаатлар ана шу йўналишдаги баъзи фикрларимизни баён этишга, “Ахлоқий ва эстетик тарбия асослари” ва “Жамиятшунослик: ижтимоий тарбия” фанларига оид ўқув дастурлари вариантларини тақдим этишимизга туртки бўлди. Фақат ушбу ўқув дастурларини кўп йиллардан буён ушбу фанлардан дарс бериб келаётган тажрибали ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳлар муҳокамасидан ўтказишни илтимос қиламиз. Агар зарурат бўлса, ушбу ўқув материалларининг муаллифларини ҳам муҳокамага таклиф этишса, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу ҳаракатлар мамлакатимиз келажагига дахлдор эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Абдуҳалим ҲУКУМОВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент.