Комбинатда балиқчилик соҳаси ҳам ривожланади
Халқимиз орасида луқмаи ҳалол номи билан машҳур бўлган балиқ инсон организми учун бебаҳо неъмат саналади. Айниқса, сўнгги йилларда балиқчилик соҳаси ривожланиб бормоқда. ОКМК Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси тасарруфидаги “Қизилой” сув ҳавзасида ҳам мана бир неча йиллардан буён балиқ боқилади.
Ушбу сув ҳавзасида балиқчилик хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида эронлик соҳа мутахассиси, профессор Муқаддам Муҳаммад Ризо жаноблари таклиф этилди.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси масъуллари ёрдамида ОКМК раҳбарияти ва эронлик мутахассис ўртасида ташкил этилган учрашувда “Қизилой” сув ҳавзасида интенсив тарзда ҳамда бассейнларда балиқ етиштириш масалалари муҳокама этилди. Етиштирилган балиқлар ишчи-ходимларга арзонлаштирилган нархларда сотилиши ва комбинат ошхоналари ҳамда боғчаларига берилиши кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Эрондаги йирик балиқчилик компанияси вакили Муқаддам Муҳаммад Ризо (соҳа фан доктори) “Эрон-Ўзбекистон Шарқ балиқлари” қўшма лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириб, ушбу корхона таъсисчиларидан бири ҳисобланади.
ОКМК Ахборот хизмати