Кўксимизни ғурурга тўлдириб ҳилпирайверсин!
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун
Мана ўттиз бир йилдирки, жаҳон айвонида Ўзбекистон юзи, ўзбек халқи ифтихори сифатида ҳилпираб келаётган байроғимизда миллатимиз ғурури мужассам.
Ундаги ҳар бир ранг ўз рамзий маъносига эга, халқимиз ҳаётидан ҳикоя қилаётгандек, гўё. Унинг ҳар ҳилпирашида ўтмиш, юрт эрки учун жон фидо қилган, халқи илму маърифати йўлида борини берган миллат қаҳрамонларининг фидокорлиги ва ёрқин келажагимиз акс этган.
Бу байроқ ҳилпирашига боққан бутун Ўзбекистон аҳли ўзининг мустақил Ватан, мусаффо осмон, бағрикенг бир халқ фарзанди эканлигини янада теранроқ ҳис қилади.
Ҳеч шубҳасизки, байроғимизнинг дунё ареналарида баланд кўтарилиши ҳар биримизнинг кўксимизни чексиз ифтихорларга тўлдиради.
Байроғимиз борлигига шукроналар айтиб, кўзга суртамиз.
Она Ватан байроғи ҳамиша юксак-юксакларда эркин ва мардонавор ҳилпирайверсин! Токи, биз унга боқиб эркин юрт фарзандлари эканлигимизни унутмайлик! Бугунги кун барчамизга муборак бўлсин!
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси
маданият вазири
ЎзА
( Н.Усмонова)