Кўкрак нишонлари ва гувоҳномалар топширилди
Ватанга муҳаббат, юрт тинчлигига садоқат ва эл-юрт манфаатлари йўлида хизмат қилишга шайлик ёшликдан шаклланади. Ана шу эзгу фазилатларни ёшлар қалбида мустаҳкамлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё туманидаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган «Ватан таянчи» отрядлари аъзоларига кўкрак нишонлари ва гувоҳномалар топширилди. 200 нафар ёш иштирок этган маросим улар учун қувончли ва унутилмас воқеага айланди.

Тадбир Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, туман Мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Гулистон ҳарбий прокуратураси, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маросимда сўзга чиққанлар ёшларни ушбу эътироф билан самимий табриклаб, «Ватан таянчи» отрядларининг ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаролик масъулияти ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантиришдаги аҳамиятини таъкидладилар. Шунингдек, ёшларни пухта билим олишга, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, жисмонан соғлом, маънан етук ва масъулиятли инсонлар бўлиб камол топишга чақирдилар.

Кўкрак нишонлари ва гувоҳномаларнинг топширилиши ёшлар учун нафақат қувончли лаҳза, балки юксак ишонч ва масъулият ифодаси ҳам бўлди. Нишонни кўксига таққан йигит-қизлар ушбу эътирофни ғурур билан қабул қилиб, келгусида яхши ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш, Ватан ва халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилиш, юрт тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилишларини билдирдилар.

Дарҳақиқат, ватанпарварлик фақат юртни севиш ҳақидаги сўзларда эмас, балки кундалик ҳаётдаги интизом, масъулият, билим олишга интилиш ва жамият олдидаги бурчни англашда ҳам намоён бўлади. Шу маънода, «Ватан таянчи» ҳаракати ёшларда миллий ғурур, жасорат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва жамоавийлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг амалий қисми ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали қўл жангига оид чиқишлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиб, ҳарбийларнинг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва маҳоратини намоён этди. Ушбу чиқишлар ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш, уларда жасорат ва қатъият каби фазилатларни шакллантиришга туртки берди.
Сирдарё тумани Маданият бўлими ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса тадбирга кўтаринки кайфият ва байрамона руҳ бағишлади. Ватан, она юрт ва миллий қадриятларни тараннум этувчи мусиқий чиқишлар маросим мазмунини янада бойитди.
— Бу шунчаки кўкрак нишони эмас, балки ёшларга билдирилган юксак ишонч ва улар зиммасига юкланган масъулият рамзидир. У ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат туйғуларини мустаҳкамлаб, келажакка бўлган ишончини янада оширади. Шунингдек, уларни билим олиш, ўз устида ишлаш ва юрт равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшишга руҳлантиради, — деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти ҳарбий бўлим бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири