Кўкдала ИИБси янги бинода фаолият бошлади
Лейтенант Фазлиддин Бердиевнинг Қашқадарё вилояти Кўкдала туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳида суриштирувчи лавозимида фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Туман марказида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган Ички ишлар бўлими биноси унинг фаолиятида муҳим янгилик бўлди. Янги ходим бўлса-да, замонавий жиҳозланган шинам ва ёруғ хонада фаолиятини давом эттирмоқда.
– ИИВ академиясини тамомлаб келгандан сўнг биринчи иш бошлаган жойим янги ташкил этилган Кўкдала туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи бўлди, – дейди Фазлиддин Бердиев. – Дастлаб фаолиятимни бошлаганимда биноларимиз турли жойларда эди. Тергов бўлими алоҳида, жиноят қидирув алоҳида, миграция яна бошқа жойда. Бу эса иш самарадорлигига салбий таъсир этаётган эди. Мана янги бинода ишни бошладик.
Барча шароит яратилган. Ҳар бир ходимга алоҳида хона ва компьютер жиҳозлари ажратилган. Албатта, бу имконият ва қулайликлардан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Халқнинг дардига дармон бўлишни ўз мақсадимиз қилиб белгилаб олганмиз.
Туман ИИБ биносининг тантанали очилиш маросими байрамона кўриниш олди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими М.Азимов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов, сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари янги бино ва яратилган қулайликлар билан тизим ходимларини қутлади.
Таъкидлаш лозимки, ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар натижасида ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг ишончли ҳимоячиси сифатида шаклланмоқда.
Мамлакатимизда шарафли ва айни пайтда масъулиятли касбнинг нуфузини ошириш мақсадида Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинди. Унда ички ишлар органларининг моддий- техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларга муносиб хизмат шароитларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-15969]
Хусусан, 186 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органлари ходимларининг хизмат бурчларини шараф билан адо этиши учун барча шароит яратилган Кўкдала тумани ички ишлар бўлимининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 апрелдаги тегишли қарори билан Қашқадарё вилояти таркибида Кўкдала тумани ташкил этилди. Мазкур кундан бошлаб туман ҳудудида кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 16 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган уч қаватли муҳташам бинода очиқ спорт майдони, кутубхона ва хизмат хоналари қурилиб, улар барча зарурий жиҳозлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, Пробация ҳамда бошқа бўлимлар учун ҳам кенг ва ёруғ бўлган барча қулайликка эга хоналар ажратилди.
Ушбу яратилган шарт-шароитларнинг барчаси жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг барвақт олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этишга, шунингдек, ходимларнинг сиёсий, маърифий ва жанговар тайёргарлигини ҳамда уларнинг иш самарадорлиги ошишига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари