Кўчманчи қушларга меҳр ва эътибор керак
Она табиат бу – бизнинг умумий уйимиз. Шу боис уни асраш, айниқса, парвоз гўзаллигини намоён этувчи кўчманчи қушларни муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Наманганда Бутунжаҳон кўчманчи қушлар куни муносабати билан вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан Ёш экологлар ҳаракати фаоллари томонидан вилоятдаги олий таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида осмондаги жониворларни асраш ва уларни эъзозлашнинг аҳамияти бўйича қатор тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.


“Табиат ва қушларни биргаликда асрайлик!” шоири остидаги тадбирлар давомида иштирокчиларга тегишли мутахассислар тарафидан қушларнинг экологик мувозанатдаги роли, паррандаларни йўқолиб кетиш хавфидан асраш зарурати, ҳар бир инсоннинг табиатга меҳр билан муносабатда бўлиши лозимлиги ҳақида тушунчалар берилди.

Ёш авлод қалбида она табиатга меҳр ва ғамхўрлик туйғуларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур тарғибот ишлари барча ёшларда катта таассурот қолдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА