Кластер режаси: ҳосилдорлик 50 центнер, даромад 300 миллион сўм
Фарғона вилоятида 12 та пахтачилик-тўқимачилик кластерлари томонидан йирик лойиҳалар ишга туширилиб, хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш занжири ташкил этилмоқда.
Хусусан, Фарғона туманида жойлашган “Fergana Oceana” пахта-тўқимачилик кластери томонидан илм-фан ютуқлари ва ҳаётий тажрибалар ўзаро уйғунлаштирилиб, кўплаб инновацион ғоялар амалиётга жорий этилаётир.
Бунинг самараси сифатида ўтган қисқа фурсат мобайнида сифатли саноат хомашёси етиштириш, қайта ишлаш, ярим ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу йил кластер томонидан Фарғона туманида 4 минг гектар, 82 та фермер хўжаликлари билан шартнома асосида 1 минг 900 гектар ерда “Андижон-35”, “С-8290”, “Наманган-77” навли пахта парваришланди. Айни кунларда туманда 16 минг 200 тонна пахта ҳосилини йиғиштириб олиш мақсадида терим мавсуми уюшқоқлик билан олиб бориляпти.
Пахта-тўқимачилик кластери бош аграноми Хуршид Турсунбоевнинг қайд этишича, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган илмий марказлар, олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорликда иш ташкил этилмоқда. Ҳудудлар кесимида 22 нафар тажрибали агрономлар бириктирилди. Шунингдек, туманнинг сув таъминоти оғир бўлган 8 та ҳудудида 507 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Умуман олганда, яқин истиқболда туманнинг барча экин майдонларида замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда деҳқончилик қилиш режалаштирилган.
Айни кунларда ҳар бир гектар ердан ўртача 30 центнердан ҳосил олиняпти. Агротехник тадбирлар ўтказиш орқали иккинчи теримда яна 10-15 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилмоқда.
–17,8 гектар ердан беш иш кунида салкам 60 тонна ҳосил йиғиштириб олиниб, белгиланган шартнома режаси ортиғи билан уддаланди, – дейди “Истиқлол водий тонги” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Гулбаҳор Йўлдошева. – Биринчи теримда аъзоларга кластер корхонаси тоомнидан ҳар бир килогамм пахта учун 100 сўмдан қўшилиб, 1300 сўмдан пул тарқатилди. Шу кунгача 50 миллион сўм терим пули берилди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик 32 центнерни ташкил этди. Ҳосилдорликни 50 центнерга етказиш орқали жорий йилда пахтачилик тармоғининг ўзидан 300 миллион сўм даромад олиш мақсад қилинган.
Фермер хўжалиги иш юритувчиси Воҳиджон Раҳматовнинг таъкидлашича, кейинги ўн йил давомида режа бажарилмаган, ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорлик 12-15 центнерни ташкил этган, холос.
Кластер корхонаси ёрдамида кейинги икки йилда фермер хўжалиги фаолияти кенгайтирилиб, ташландиқ қир-адир ерда мевазор боғ барпо этилди. Австриядан 64 бош наслли қорамол келтириб, сутчилик йўналишида чорвачилик тармоғи йўлга қўйилди.
Фермер хўжалиги аъзолари яқин истиболда хориждан наслли қорамоллар олиб келиш, писта ва бодом плантацияси ташкил этишни режалаштирган. Шу мақсадда истиқболли бизнс-режалар ишлаб чиқилиб имтиёзли кредит олиш учун банкка тақдим этилган.


М. Сулаймонов, ЎзА