Китобхонлик ҳафталиги йил бўйи давом этади
Китобхонлик маданиятини юксалтириш ва аҳолини кутубхоналарга жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 18-22 апрель кунлари АОКА томонидан «Китобсевар миллат» шиори остида II Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилди.
Мазкур ҳафталик доирасида Тошкент вилоятидаги 22 та туман ва шаҳар ахборот кутубхона марказлари, Республика Маънавият ва марифат туман ва шаҳар бўлинмаларири ҳамкорлигида мактаб ва маҳаллаларда давра суҳбатлари, долзарб мавзуларда мулоқотлар, ёзувчи ва шоирлар билан адабий учрашувлар, маҳорат сабоқлари каби кўплаб қизиқарли тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, мамлакатимиз ноширлари чоп этган янги асарлар тақдимоти, арзонлаштирилган китоб савдо-ярмаркалари ҳамда турли акциялар бўлиб ўтди.

Ҳафталик давомида вилоятдаги китобларга 587 нусхада беғараз ёрдамлар кўрсатилиб, 17 нафар шоир ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, вилоятдаги фаол кутубхона ходимларининг уч нафари "Ахборот-кутубхона аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Оҳангарон шаҳар Маданият ва истироҳат боғида ҳафталикнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ахборот кутубхона маркази ходимлари, фаол китобхонлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ҳафталик якунида фаол иштирокчилар, ёш китобхонлар ва ОАВлари ходимлари Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири