Китобхонларга хизмат кўрсатиш янада яхшиланади
Термиз шаҳридаги Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатдан янада ривожлантириш” мавзуига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда кейинги йилларда китобхонлик маданияти ва китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантиришга кенг имконият яратгани алоҳида таъкидланди. 2018 йил Термиз шаҳрида кунига 2 минг китобхонга хизмат кўрсатиш қувватига эга замонавий Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази қурилиб фойдаланишга топширилгани, туманларда 13 та ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, китобхонлар учун қулай шароитлар барпо этилаётгани қайд этилди.
Айни пайтда ҳам янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан таъминлаш ишлари давом этмоқда.

–Жумладан, Сариосиё тумани ахборот-кутубхона маркази учун барча шароитларга эга янги бино қурилиши якунига етказилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида, – дейди ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Тўраев. – Вилоят ҳокимининг эътибори билан шаҳар ва туманлар ҳокимликлари зарур маблағ ажратиб, барча ахборот-кутубхона муассасалари китоб фондини ўзбек тили лотин ёзувидаги энг янги адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.

Вилоятдаги маърифат масканлари қарийб 720 минг нусхадаги китоб фондига эга. Уларда 320 нафар ходим китобхонларга хизмат кўрсатиш, фондларни тўлдириш ва сақлаш, мутолаа маданиятини ошириш ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланмоқда.
Семинар-тренингда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш учун сифат жиҳатидан янги ва қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида уларнинг илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш, ўз ахборот-ресурсларини яратиш ва сифатли тўлдириб бориш, масофадан хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари ва мавжуд камчиликлар хусусида ҳам фикр алмашилди.

– Семинарда ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш соҳасида йўл қўйилаётган камчиликлар чуқур таҳлил қилингани, ўқув-услубий тавсиялар берилгани аҳамиятли бўлди, – дейди Бойсун тумани ахборот-кутубхона маркази раҳбари Муҳиддин Абраев. – Бу фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Кундалик ишимизни самарали ташкил этишга кўмаклашади.
Тадбирда ўзаро тажриба алмашилди. Кутубхоначиларнинг амалий кўникмаси, билим ва касбий маҳоратини янада оширишга йўналтирилган тақдимотлар ўтказилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА