Китобхон юртнинг келажаги буюк
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида 21-май – “Кутубхоначилар куни” муносабати билан туман Ахборот-кутубхона марказида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти ҳамда O‘zLiDeP туман Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирнинг асосий мақсади жамиятда китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, кутубхоначиларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этиш ҳамда ёшлар онгида мутолаа ва маънавиятга бўлган қизиқишни янада кучайтиришдан иборатдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар китоб инсон камолоти, тафаккури ва маънавий юксалишининг энг муҳим манбаи эканини алоҳида таъкидлаб, айниқса, бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва ташаббускор этиб тарбиялашда кутубхоналар фаолиятининг ўрни беқиёс эканини қайд этишди.

Тадбир давомида кўп йиллик самарали меҳнати, эришган ютуқлари ҳамда соҳага қўшаётган муносиб ҳиссаси учун туман Ахборот-кутубхона марказининг бир гуруҳ фидойи ходимлари O‘zLiDeP туман Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Мазкур тадбир китобхонликни кенг тарғиб қилиш, кутубхона тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.