Китобни дўст тутган инсон ҳаётда қоқилмайди
Андижонда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият-маърифат маркази вилоят бўлимлари, Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида VI республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари бошланди.
Олимлар, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар, китобхонлар, ёшлар иштирокида Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳафталик очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Гулнорахон Исмоилова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ ва бошқалар мамлакатимизда юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

– “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган тадбирлар, жумладан, китоб ярмаркалари, акциялар, давра суҳбатлари, тақдимотлар ва турли танловлар ўтказилади. Ана шу тадбирлар, шубҳасиз, ҳар бир юртдошимизни китобхонликка чорлайди. Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишни, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи.
Ҳафталик доирасида вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган илк тадбир – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи”, марҳум ижодкор Қамчибек Кенжа хотирасига бағишланди. Тадбирда ижодкорнинг ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси хусусида сўз юритилди. Шунингдек, адибнинг яқинда нашрдан чиққан 10 томлик сайланмаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Орифжон Мелиевнинг 70 ёшга тўлганлиги муносабати ижодий кеча ҳамда унинг китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўз олганлар ижодкорнинг ўзига хос ижод йўли, асарлари, хусусан, “Кўнглим кўкка интилар”, “Остона” номли шеърий тўпламлари ҳақида сўз юритди. Ижодкор ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
– Китоб инсонни улуғлайди, китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, – дейди тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Восит Ахматхонов. – Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг фаол аъзосига айланади. Шу маънода ҳафталик доирасидаги тадбирлар шубҳасиз, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилади.
Умуман, “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китоб билим манбаи”, “Китоб менинг ҳаётимда”, “Аждодлардан қолган мерос”, “Китоб маънавият пойдевори”, “Тафаккур хазинаси” каби мавзуларда маънавий-маърифий, адабий тадбирлар, шунингдек, мушоира, китобхонлик марафонлари, акция ва танловлар ўтказилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.