Китобларини икки хонали уйга алмашмаган отахон (+видео)
Навоий вилояти Кармана тумани “Каловат” маҳалласида истиқомат қилувчи Бурҳон бобо Жўраевни туман аҳолиси яхши билади. У китоб билан дўст тутинган кишилардан. Бугунги кунда Бурҳон Жўраев хонадонидаги китоб фонди газета-журналлар билан бирга ҳисоблаганда 13 минг нусхадан ошади. Китобларининг сони 10 минг нусхадан зиёдроқ.
Битта хонага жойлаштирилган жавонларга дид билан териб қўйилган китобларни кўрган киши ҳайратга тушиши аниқ. Бу ердан 30-40 йиллар илгари нашр этилиб, обуна йўли билан сотувга чиқарилган “Жаҳон адабиёти” сериясидаги барча китоблар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг турли номдаги асарларини, бундан ташқари 1975 йилдан 1995 йилгача бўлган даврдаги “Шарқ юлдузи” ва “Ёшлик” журналларининг тўлиқ сонларини топиш мумкин.
76 ёшни қаршилаган Бурҳон бобо турмуш ўртоғи Хадича ая билан 5 фарзанд – 3 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, вояга етказди, уй-жойли қилди. Бугунги кунда фарзандларининг барчаси олий маълумотга эга, турли соҳаларда фаолият олиб бормоқда.
Оддий оиланинг фарзанди Бурҳон аканинг маълумоти ўрта. Олти ойлик ўқув курсини тугаллаб, электрик касбини эгаллаган. Бугун эса фарзандлар ва неваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда.
[gallery-10413]
– Оғир йиллар эди, ўқий олмадим, – дейди Бурҳон бобо. – Лекин фарзандларимнинг барчасини ўқитдим. Қарийб 43 йил электрик бўлиб ишладим. Касбимдан нолимайман. Шу касбнинг ортидан обрў топдим, фарзандларимни ҳалол луқма билан боқдим.
Бурҳон бобо 1974-1975 йиллардан буён китоб йиғади. Қаердаки яхши номдаги китобни кўрса, албатта сотиб олади. Кўпчилик у кишининг ўз кутубхонасидаги ҳамма китобларини ўқиганлигига шубҳа билан қараши мумкин. Аммо бундай эмас...
– Мактаб давридаёқ адабиётга қизиққанман, – дейди Б.Жўраев. – Ўзим ишлагандан кейин ўқиган ҳар бир китобимни йиғиб қўядиган бўлдим. Йилдан-йилга кўпайиб шу даражага етди. Тоҳир Малик, Нурали Қобил, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Муроднинг китобларини ўқишни яхши кўраман. Уларнинг ҳар бир китобини ўқиганман, десам адашмайман. Уларнинг асарлари ҳар бир кишига тушунарли. Воқеалар ҳаётдан олиб ёзилган.
“Китоб ўқиган киши ҳеч қачон ёмонлик қилмайди. Ёмон йўлга юрмайди Китоб одамни тарбиялайди. Китоб ўқиган киши қайси ёшда бўлишидан қатъий назар билимини оширса, яхши инсон бўлиб етишади”. Бу 76 ёшли Бурҳон бобонинг фалсафаси.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x-YsdfSWZVg" title="Китобларини икки хонали уйга алмашмаган отахонНавоий вилояти" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Китоб – билим ва маънавият хазинаси. Шу боис Президентимиз томонидан ҳам мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш, мутолаа маданиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Ҳамиша китоб йиғишни ва китоб совға қилишни хуш кўрадиган Бурҳон бободек фидойилар бугун ҳақиқий маънода маънавият тарғиботчиларидир. Уларнинг ҳаёт йўли, бу хайрли ишини ёшларга ибрат қилсак арзийди. Бугун отахоннинг кутубхонасига Уюшма аъзоларининг бир гуруҳи билан ташриф буюриб, мўъжаз кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдик. Отахон билан ижодий мулоқот давомида эса бу хайрли ва эзгу ишни кенг тарғиб этиш, ёшларнинг китоб ўқишга меҳрини уйғотиш борасидаги самимий фикрлар ўртага ташланди.
Қарийб эллик йилда ўн минг дона китоб йиғиш осон иш эмас. Қолаверса, шунча йил давомида китоб ва журналларни асраб-авайлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолганларини қайта таъмирлаш бироз мушкул. Китоблар аллақачон отахоннинг “фарзанд”ига айланиб улгурган. Қишлоқ аҳли, атрофдаги мактаблар ўқувчилари, китобга қизиққувчи раҳбарлар китоб сўраб келаверади. Отахон эса барчага китоб бериб юбораверади.
– Кўпчилик китоб сўраб келади, ёзиб қўяман. Лекин айримлари қайтармайди. Майли-да, олиб кетган китобини ўқиб, фойдаси теккан бўлса, хурсандман, – дейди отахон. – Келгусида ҳовлимнинг бир бурчагидан кутубхона қуриб, китобларимни жойлаштираман. Ҳозирда китоблар жой торлиги боис икки қатор қилиб терилган. Картотека қилиб, тартиб билан жойлаштириш ниятим бор.
Ҳозирда отахон кутубхонасининг 20 нафарга яқин обуначиси бор. Уларга аъзолик дафтарчаси очилган. У киши ўз кутубхонаси фондидан Кармана туманида жойлашган, ҳозирда “НКМК жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Металлург” санаторийсига 200 та, “Тўдакўл” дам олиш зонасига 100 та китоб ҳадя қилган.
Дарвоқе, отахонга Навоий шаҳар марказидан 2 хонали уй таклиф қилишганида рад этган. Кутубхонасини моддий бойликка алмашмаган.
Абдували Бўриев, С.Аслонов (видео), ЎзА