Китоб – маънавият кўзгуси, беминнат устоз
Наманганда вилоят суди ташаббуси билан “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди. Суд тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ташкил этилган мазкур танлов судья ва суд ходимларининг маънавияти ва дунёқарашини юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Танловда 30 нафар судья ва суд ходими икки шарт бўйича баҳоланди. Иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти ёзувчилари асарларининг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб берди. Иккинчи шартда эса китобхонлар тузилган саволларга тезкор жавоб бериш билан ўз қобилиятларини намойиш этдилар.


– Бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш улкан мақсадларга етишнинг муҳим кафолатидир. Билим жиҳатидан юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир, – дейди Наманган вилояти суди масъул ходими Баҳодир Мўминов. – Шу боисдан ҳам, китоб барча замонлар учун энг зарур нарса, билимлар хазинаси, донишмандлик чашмаси бўлиб келган. Танловда ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг бадиий асар ҳақидаги нутқи, саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб беришини адолатли тарзда баҳолади.
“Китоб – маънавият кўзгуси” ғолиблари Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида эълон қилиниб, Наманган вилояти судининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА.