Кино соҳасида ҳамкорлик: “Самарқанд орзуси” бадиий фильми лойиҳаси муҳокама қилинди
Маданият вазирлигида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов ҳамда Туркиянинг таниқли продюсери, ZEN Yapım кинокомпанияси раҳбари Иброҳим Акбаба билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилаётган “Semerkand Rüyası” (“Самарқанд орзуси”) бадиий фильми лойиҳаси батафсил муҳокама этилди.
Учрашувда иштирокчилар фильм ғояси, суратга олиш жараёнлари, ижодий жамоа таркиби ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини халқаро аудиторияга кенг тарғиб этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Таъкидланганидек, мазкур фильм икки мамлакат кино соҳаси вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия халқларини бирлаштириб турувчи умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятларни кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Авазхон Тожихонов лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий, ҳуқуқий, молиявий ва ижодий жиҳатлар соҳанинг тегишли мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиши муҳимлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мутахассислар хулосаларидан сўнг лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар белгиланади.
Учрашув якунида томонлар қўшма кино лойиҳаларини амалга ошириш, кино индустриясида тажриба алмашиш ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА