Кимё соҳаси олимлари фикр алмашди
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети лицейида академик Ҳамдам Усмонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Табиий ва синтетик полимерлар кимёси синтези, хоссалари ва технологияси: долзарб муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент кимё-технология институти, Термиз давлат университети олимлари ҳам иштирок этди.

Х.Усмонов атоқли ўзбек кимёгари сифатида республикада кимё фанининг бир қатор илмий-тадқиқот муассасаларига раҳбарлик қилган, кўплаб фан докторлари ва фан номзодларидан иборат шогирдлар мактабини яратган. Бу илмий мерос бугун ҳам табиий ва синтетик полимерлар кимёси ҳамда технологияси ривожига хизмат қилмоқда.
Анжуманда табиий ва синтетик полимерларни синтез қилиш, уларнинг тузилиши ва хоссаларини ўрганиш ҳамда қайта ишлаш технологияларини такомиллаштиришга оид илмий натижалар муҳокама қилинди.

– Мазкур тадбир академик Ҳамдам Усмоновнинг илмий меросини эъзозлаш ва полимерлар кимёсидаги тадқиқот анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Илмий-тадқиқотлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Тўлқин Нурмуродов. – Анжуманда табиий ва синтетик полимерлар, композит ҳамда нанокомпозит материаллар бўйича тажриба алмашиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва полимер чиқиндиларини қайта ишлаш ечимлари кўриб чиқилди. Шунингдек, ресурс ва энергия тежамкор технологияларни ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда истиқболли тадқиқот йўналишларини белгилаш, амалий тавсияларни шакллантириш ҳамда қўшма илмий ва технологик лойиҳалар учун ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири