Кимлар биринчи бўлиб вакцина олади?
Ўзбекистонда биринчи бўлиб вакцина оладиганлар тоифаларининг рўйхати маълум қилинди.
Хўш, кимлар биринчи бўлиб эмланади?
Маълумки, бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемиясининг салбий таъсири, пандемия оқибатларини камайтириш ва кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Санитария-эпидемиология хизматига Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси (COVID-19)га қарши эмлашни ўтказиш алгоритми ва алоҳида тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилганидан барчамиз хабардормиз, албатта. Бунда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга ошириш, шунингдек, биринчи навбатда, коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган қуйидаги шахсларни эмлаш назарда тутилади:
65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар, сурункали касалликлари бор шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.
Табиийки, шу ўринда “Бу одамлар вакцинани қачондан бошлаб олади, бу тоифаларга кирмаганларни оммавий эмлаш қачон бошланади?”, деган саволлар юзага келмоқда. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби қуйидагиларни маълум қилди.
Республикада тоифалар бўйича COVID-19га қарши эмлаш 2021 йил март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами бўлиб даволаш профилактика муассасалари қошида 3 минг 138 та эмлаш хонаси ва 820 та мобиль бригада ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал ва босқичма-босқич амалга оширади. Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига қараб қолган аҳоли ҳам эмланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар республикада қўлланилади (ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йилда COVID-19га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 20 фоизи миқдорида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцинага буюртма тайёрланиб, COVAX жамғармасига юборилди).
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан GAVI тошкилотининг COVAX жамғармасига, СOVID-19 инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи 12 та етакчи корхона билан ушбу вакциналарни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг “Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва республикамизда ўтказилаётган клиник синовлари муваффақиятли ўтгандан сўнг коронавирусга қарши вакцинасини сотиб олиш ҳам режалаштирилмоқда.
Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, ушбу ҳолат барчамизга масъулият юклайди. Лекин бу оғир таҳликалар вақтинчалик ҳолатдир ва биз барчамиз ҳамжиҳатликда айтилаётган тавсия ва талабларга оғишмай риоя қилиб, ушбу оғир синовдан ўта олишимизга шубҳа йўқ.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.