Кичкинтойларнинг ғамхўр опаси
Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб шакллантиришда кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасасидаги тарбия муҳим аҳамият касб этади.
Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб шакллантиришда кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасасидаги тарбия муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Тизимдаги ислоҳотлар самарасини амалиётга татбиқ этишда эса боғча мудиралари муҳим вазифани бажаради.
Гулпаршин Узоқбергенова ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги педагогик фаолиятини 2000 йилдан бошлаган. Ҳозирда у пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Истиқлол юлдузчаси” номли 399-мактабгача таълим муассасасида раҳбарлик қилади.

Опанинг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги туфайли мазкур боғча пойтахтдаги намунали муассасалар қаторидан ўрин олган. Муассасада болажонларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун барча шароит яратилган. Машғулотлар “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида қизиқарли тарзда ташкил этилади. “Зумрадойлар давраси”, “Ёш китобхон”, “Жажжи рассом”, “Гимнастика”, “Рақс” тўгаракларида болажонларнинг дастлабки маҳорати шакллантирилмоқда. Таълим-тарбия жараёни билан бир қаторда спорт мусобақалари, турли тадбир ва кўрик-танловларни ўтказиб боришга алоҳида аҳамият қаратилган.
– Фарзандларимиз илк ҳаётий ҳамда мустаҳкам билимини мактабгача таълим муассасасида эгаллайди, - дейди муассаса мудираси Гулпаршин Узоқбергенова. – Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар баркамол шахсни тарбиялашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Бу борада, биз соҳа ходимларидан ҳам катта масъулият талаб этилади.
Куни кеча муассасада “Беш ташаббус – беш имконият” шиори остида “Китоб бизнинг дўстимиз” мавзусида ташкил этилган таълимий тадбир ҳам тарбияланувчиларга маънавий билим бериш, уларнинг жажжи қалбида китобга меҳр уйғотиш мақсадига хизмат қилди. Буни кичкинтойларнинг тадбирдаги фаоллигида ҳам кузатиш мумкин.