Кичик мусобақаларнинг катта қувончи
Хабар берганимиздек, ҳудудларда «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи босқич мусобақалари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида ҳам ёшлик ва шижоат мусобақалари бўлган мазкур баҳслар янги-янги чемпионларни кашф этмоқда.
Вилоятнинг 22 та шаҳар ва туманларида «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи босқич беллашувларига старт берилиши олдидан биринчи босқич натижалари сарҳисоб қилинди.
Дастлабки босқич мусобақаларида вилоятнинг 1022 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 347 минг 636 нафар ёшлари қамраб олинди.
Ана шундай мусобақалардан бири Пскент туманида бўлиб ўтди. Беллашувлар бошланиши олдидан биринчи босқич ғолиблари муносиб тақдирланди. Шундан сўнг дастурга киритилган 9 та спорт тури бўйича мусобақаларга старт берилди.

Маълумки, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи босқич спорт турлари дастурига миллий спорт туримиз кураш хам киритилди. Туманнинг «Истиқлол» маҳалласида кураш бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Маҳалланинг 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ҳаваскор спортчилари ғолиблик учун гиламга чиқишди. Қизиқарли ўтган ёш полвонлар беллашувларида Шаҳриёр Ширинов, Сарвиноз Отабекова, Диёра Анорбоева, Мақсад Эшонбоев каби маҳалла ёшлари ўз вазнларида илк беллашув ғолибига айланди.
- Миллий ғуруримиз бўлган курашнинг «Беш ташаббус олимпиадаси» тизимига киритилиши ёшлар қалбида қадриятларимизга ҳурмат руҳини шакллантиришда катта аҳамият касб этади. Кураш турнирининг юқори савияда ташкил этилишида вилоят прокуратураси ҳамда ҳамкор ташкилотлар ҳар томонлама кўмак берди. Натижада чекка-чекка маҳаллалардаги минглаб ёшлар спорт машғулотлари билан қамраб олинишига эришдик. Муҳими, маҳалла ёшларининг кичик мусобақалари аввало аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга, уларнинг катта қувончига сабаб бўлиш билан бирга иқтидорли ёшларни саралашга замин бўлмоқда, - дейди Тошкент вилояти кураш федерацияси ижрочи директори Ёқуб Сайдуллаев.
Дарҳақиқат, маҳаллаларда бошланаётган кичик мусобақалар катта спорт майдонларидаги шиддатни таъминлайди. Бу эса ватан довруғини достон этадиган чемпионлар сафи кенгайишига хизмат қилади. Шу мақсадда Тошкент вилояти спорт масъуллари «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи фасли мусобақаларига ҳудуднинг 350 минг нафарга яқин ёшларини жалб қилишни режалаштирган.
Т. Рўзиев, ЎзА.