Кибержиноят: хавфсизликни таъминлай олмаган банк зарарни қоплаб беради
“Киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Ахборот технологиялари жадал ривожланиб, рақамлаштириш жараёни тезлашиб бораётган бугунги кунда фуқароларнинг банк ҳисобрақамлари, шахсий маълумотлари ва электрон тўлов воситаларини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифага айланмоқда. Бунинг учун, аввало, соҳага оид ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги фракциялар йиғилишларида кўриб чиқилди.

Лойиҳага кўра, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Шунингдек, электрон тўлов воситалари, крипто-ҳамён ёки банк ҳисобварағини бошқариш имкониятини берувчи маълумотларни бошқа шахсга қасддан бериш учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Кибержиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарни айрим ҳолатларда тўлов тизими операторлари ва бошқа ташкилотлар ҳисобидан қоплаш ҳамда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олишнинг аниқ тартибини белгилаш назарда тутилган. Яъни, банк ёки тўлов ташкилоти хавфсизликни тўлиқ таъминлай олмаган тақдирда банк картаси ёки ҳисобварақдан ечиб олинган маблағлар ўша ташкилот томонидан қоплаб берилади.
Мазкур қонун лойиҳаси кибержиноятларнинг олдини олиш ва уларни тезкор фош этиш механизмларини такомиллаштириш, рақамли муҳитда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатда киберхавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА