Киберхавфсизлик: фирибгарликдан қандай ҳимояланиш керак?
Бугун кунда интернетдан фойдаланишда киберхавфлардан огоҳ бўлиш ҳар бир инсон, айниқса, ташкилот ходимлари учун муҳим талаблардан бирига айланмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ва Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тренингда мазкур масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Унда интернетда кенг тарқалаётган фирибгарлик усуллари, киберҳужумларнинг олдини олиш, шахсий ва хизмат маълумотларини ҳимоя қилиш, шунингдек, рақамли муҳитда хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда мутахассислар фишинг ҳужумлари, сохта ҳаволалар ва зарарли файллар орқали амалга ошириладиган ҳужумлар, шунингдек, турли киберфирибгарлик схемалари ҳақида маълумот бердилар.
Ходимларга шубҳали ҳаволаларни очмаслик, манбаси номаълум файлларни юклаб олмаслик, аккаунтлар учун ишончли пароллардан фойдаланиш ва икки босқичли аутентификацияни ёқиш тавсия этилди. Шунингдек, банк картаси маълумотлари, SMS-кодлар ва бошқа махфий маълумотларни бегона шахсларга бермаслик зарурлиги таъкидланди.
Семинар давомида киберҳужум ёки шубҳали ҳолатга дуч келганда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича амалий тавсиялар ҳам ўртоқлашилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, киберхавфсизликни таъминлашда замонавий ҳимоя воситалари билан бир қаторда, ҳар бир ходимнинг ҳушёрлиги, рақамли саводхонлиги ва кибергигиена қоидаларига қатъий амал қилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА