Кибербарқарорлик учун халқаро ҳамкорлик нега муҳим?
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов киберхавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи Group-IB раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистонда киберхавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлаш, давлат ва хусусий секторнинг кибербарқарорлигини ошириш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Group-IB мутахассислари молия соҳасига қаратилган киберҳужумлар, уларнинг янги кўринишлари ва олдини олиш бўйича амалий тавсияларини тақдим этди. Хўш, нега айнан бугун киберхавфсизлик масаласи долзарб? Чунки рақамли хизматлар кенгайган сари хавфлар ҳам кўпаймоқда, бу эса ҳар бир тизимнинг барқарор ишлашига бевосита таъсир кўрсатади.

Учрашувда киберхавфларни барвақт аниқлаш, замонавий хавфсизлик ечимларини жорий этиш, бизнес жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда ташкилотларга консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда киберхавфсизлик бўйича мунтазам ўқув дастурлари, малака ошириш курслари ва сертификатлаш тизимларини йўлга қўйиш орқали юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бу ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда киберхавфсизлик экотизимини мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларга қарши тайёргарликни кучайтириш ва рақамли иқтисодиётнинг хавфсиз ривожланишини таъминлашдан иборат.
Учрашув якунида томонлар ушбу йўналишда ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва мамлакатнинг кибербарқарорлигини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА