Хотира уйғонса гўзалдир
Худонинг берган куни кўришиб, мулоқот қилиб турган яқининг тўсатдан йўқолиб қолса, каловланиб қоларкансан.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Худонинг берган куни кўришиб, мулоқот қилиб турган яқининг тўсатдан йўқолиб қолса, каловланиб қоларкансан. Бугун шу кўйга тушгандекман: Искандар Хўжаев, Шуҳрат Олимов, Бахтиёр Мансуров, Алишер Рисқиев... улар бугун орамизда йўқ.
Мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунида улар яна ёдимизга тушаверади.

Искандар Хўжаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (аввалги ЎзТАГ)да иш бошлаганида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари бўйича фотомухбирлик қилган. Икки вилоятнинг бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилувчи туркум фотосуратлар оммавий ахборот воситаларида чоп этилган. Кейинчалик ўзи истиқомат қилаётган Сурхондарё вилояти бўйича фаолият олиб борган. 30 йилдан ошиқ меҳнати давомида халқнинг ва вилоят раҳбариятининг ишончини қозона олди.
Шуҳрат Олимов ҳам Искандар ака билан тенгдош. Бир вақтнинг ўзида фаолият юритишган. Агентлик коллегияларида, вилоятда ўтказилган катта тадбирларда кўп мулоқотда бўлганмиз. Шуҳрат ака агентликнинг Андижон вилояти бўйича фотомухбири эди. Одамохун, ҳазилкаш бу меҳридарё инсон кўплаб шогирдлар тайёрлади. Улардан бири Муқимжон Қодиров. Муқимжон айни пайтда Фарғона вилоятида ЎзА фотомухбири.
Шуҳрат ака 2007 йили 60 ёшга тўлганида шахсий фотокўргазмасини ўтказган. Ижод маҳсулларини вилоятга тақдим этиб, ўзига яраша ҳисобот қилган эди. “Сенинг кўргазмангда ҳам иштирок этиш насиб қилсин”, деган эди ўшанда устоз. Афсус, ҳаётининг сўнгги йилида касаллик туфайли вилоятдан чиқа олмай қолдилар. 2018 йилнинг 13 декабрида Шуҳрат Олимов 71 ёшида оламдан ўтди.

Бахтиёр Мансуров узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фаолият олиб борди. У киши жамоатчилик асосида касаба уюшмаси раиси сифатида ҳам иш олиб борган. Кўпчиликнинг кўнглини топа олган бу самимий инсон бир қанча вилоят марказларига саёҳат уюштирганлигини ҳали ҳали мароқ ила эслайди. Агентликда юбилей ёки туғилган кун эгаси биринчи бўлиб, Бахтиёр аканинг илиқ табригини телефон орқали қабул қиларди. Республиканинг чекка ҳудудлари Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ёки Бухоро вилояти мухбирларининг таваллуд айёмларига етиб борардилар. Агентликнинг хизмат харажатларини кутиб ҳам ўтирмасди. Тўн ва қийиқни ўз қўллари билан топшириб, яна пойтахтга, қадрдон масканларига шошардилар. Шу боисми, Бахтиёр ака хонадони ҳамиша дўстлари, тенгдошлари, ҳамкасблари билан гавжум бўлган. 2019 йилнинг май ойи Бахтиёр Мансуров учун сўнгги ой бўлиб қолди. Ҳамкасбимиз, устозимиз Бахтиёр ака 73 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.

Алишер Рисқиевни спорт оламида жуда яхши билишади. Бокс бўйича Жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари кумуш медаль совриндори Руфат Рисқиев Алишер аканинг укаси. Шу боисми, Алишер ака бокс билан астойдил шуғулланган, бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган. Алишер ака спорт мавзусидаги фотолари билан кўпчиликнинг меҳрини қозона олган ижодкорлардан бири эди. Жорий йилнинг 15 март куни Алишер Рисқиев узоқ хасталикдан сўнг, вафот этди.
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!