Хотин-қизлар қўмитаси раиси ёш спортчиларни тақдирлади
Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида “Биргаликда ўсамиз ва улғаямиз!” шоири остида мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган қизлар ўртасида спортнинг гимнастрада тури бўйича фестиваль бўлиб ўтди.
Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида “Биргаликда ўсамиз ва улғаямиз!” шоири остида мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган қизлар ўртасида спортнинг гимнастрада тури бўйича фестиваль бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳар тарафлама соғлом навқирон авлодни камолга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Бунинг учун энг чекка ва олис ҳудудларда ҳам замонавий шароитларга эга мактабгача таълим муассасалари қурилиб, ишга туширилаётгани жажжи болажонларни жисмонан соғлом, маънан етук улғайтиришга хизмат қилмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 355 та давлат ва 177 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 1 минг 547 нафар жажжи қизлар спортнинг гимнастрада тури билан мунтазам шуғулланаётир.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус самаралари мактабгача таълим муассасаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова. – Бу жараёнда барча қулайликлар яратилган мактабгача таълим муассасаларида спортнинг бадиий гимнастика ва гимнастрада турлари янги босқичда ривожланаётир. Чунки, нафис бу спорт турининг қиз бола камолотидаги аҳамиятини ота-оналар теран англаган ҳолда ўз фарзандларини ана шу тўгаракларга йўналтирмоқда.
Жажжи болажонларга ўзига хос байрам кайфиятини улашган нафис спорт фестивалида Термиз шаҳри ва туманлардан 200 га яқин қиз ўз маҳоратини намойиш этди. Уларнинг чиқишлари малакали мутахассислар томонидан муносиб баҳоланди.
Тадбир якунида бўлажак гимнастрадачи қизалоқларга йигирмата номинация бўйича ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Фестивалда Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.

