Хизмат кўрсатиш такомиллашмоқда
Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилаётган “Ягона дарча” марказлари 2016 йилнинг 1 январидан эътиборан фаолият бошлайди.
Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилаётган “Ягона дарча” марказлари 2016 йилнинг 1 январидан эътиборан фаолият бошлайди.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Қашқадарё вилоятида ташкил этилган “Ягона дарча” давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолиятининг тартиб-тамойилларини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинарда бу алоҳида таъкидланди.
– “Ягона дарча” марказлари тегишли тартибда жиҳозланди, малакали мутахассислар билан таъминланди, – дейди Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сафар Тоғаев. – Марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Семинарда “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларининг ўрни”, “Давлат кадастри корхоналари томонидан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартиби”, “Архитектура ва қурилиш идоралари томонидан рухсат этиш характеридаги ҳужжатларни расмийлаштириш”, “Табиатни муҳофаза қилиш идоралари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари”, “Электр тармоқларига уланиш бўйича рухсатномалар бериш тартиби” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Иштирокчилар Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган “Ягона дарча” марказида яратилган шароитлар билан танишди.