КХДР етакчиси Россияга етиб келди
Россия Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири, КХДР билан савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича комиссия раҳбари Александр Козлов бугун, 12 сентябрь куни Россияга келган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни кутиб оди.
Олий мартабали меҳмон Приморье ўлкасида, Туманная дарёси устидаги кўприкда қаршиланган. Бу ҳақда вазирнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Москва ва Пхеньяннинг мустаҳкам дўстлиги 75 йилдан бери давом этиб келмоқда.
“Ўтган даврда биз нафақат қўшни, балки энг яқин ҳамкор сифатида бир-биримизни қўллаб келмоқдамиз”, дея қайд этган Козлов.
Аввалроқ Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг Ким Чен Ин билан учрашуви яқин кунларда Узоқ Шарқда бўлиб ўтишини маълум қилган эди.
ЎзА