Харидоргир нақшинкор тошлар
Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Президентимиз раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.Андижон шаҳридаги “Golden traverting stone” масъулияти чекланган жамияти фаолияти бунинг ёрқин мисоли. Бу ерда янги ишга туширилган технология ва линиялар асосида бино деворларини безашда фойдаланиладиган тош – травертин ва гранитга турли шакл ва безак бериш ишлари йўлга қўйилган.
Корхона маблағлари ҳисобидан хориждан умумий қиймати 1 миллиард сўм бўлган лазер ва сайқаллаш ускуналари келтириб ўрнатилиши натижасида кунига 500 квадрат метр ҳажмдаги жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда.
– Маҳсулотларимиз бино деворлари, пойдевор ва зинапояларни безаш ҳамда ҳайкалтарошликда кенг қўлланилмоқда, – дейди корхона раҳбари Музаффар Мирзажонов. – Хомашё асосан хориждан келтирилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Яъни, аввал йирик тошлар бўлакларга ажратилади ва белгиланган ҳажмга келтирилади, сўнгра сайқал берилади. Мутахассисларимизнинг изланишлари самарасида хомашё қолдиқларидан йўлакларга ётқизиладиган брусчаткалар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди.
Айни пайтда бу ерда меҳнат қилаётган 35 ишчининг аксарияти ёшлардир. Уларнинг самарали ишлаши ва ишдан бўш вақтида мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит ва қулайликлар яратилган.