Халқнинг чинакам ёзувчиси
Саид Аҳмад деганда китобхонлар юзига табассум югуриши табиий.
Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига
Саид Аҳмад деганда китобхонлар юзига табассум югуриши табиий. Лекин унинг ижоди, фаолияти қанча-қанча азоб-уқубатлар, йўқотишлар, меҳнату машаққатлар эвазига шаклланганидан адибнинг асарлари, яқинларининг хотиралари, шу кунларда ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган «Сабру садоқат» картинаси сўзлайди.
Умр оқар дарёга ўхшайди. Кечагина адабий учрашувлар, ижодий мулоқотлар, маърифий тадбирларда ҳаёт, адабиёт, ижодкор бурчи ва масъулияти, асарларининг яратилиши тарихидан сўзлаган ижодкорнинг таваллудига бугун бир аср тўлди.
Унинг халқчил, ҳаққоний, самимий асарлари китобхонга завқ бағишлаши билан бирга яқин ўтмишнинг аянчли саҳифалари, оғир кунлари, эл бошига тушган фожиалардан сўзлайди. Яқин-яқин йиллардаги тарихий жараёнлар, одамларнинг руҳияти, кечмишларини рўй-рост очиб беради.
Яхши асарнинг қиймати, аҳамияти йиллар ўтиши билан янада яққолроқ, тобора бўртиброқ намоён бўлиб бораверади. Оддий мисол, устоз адибнинг наинки юртимиз, балки дунё саҳналарини кўрган «Келинлар қўзғолони» спектакли оилага, миллий анъаналарга, инсоннинг ўзи туғилган масканга ҳурмат, ростгўйлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, тартиб-интизом, тежамкорликнинг ўзига хос тараннуми бўлиб қолаверади.
Истиқлолнинг, инсоннинг чин қадр-қиммати Саид Аҳмаднинг «Йўқотганларим ва топганларим», «Қоракўз мажнун» , «Умрим баёни» «От билан суҳбат», «Азроил ўтган йўлларда» каби қисса ва ҳикояларида баралла янграйди. Устоз ҳаёти, фаолияти ва ижоди Саида Зуннунова номи билан узвий боғлиқ. Саида опанинг саботи «Қаноатда Саида филча бўлурму, ҳай-ҳай...» сатрида яққол мужассам.
Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги бугунги синовли кунларда ҳам кўтаринки тарзда нишонланмоқда. Унинг асарига оид спектакллар, фильмларни халқимиз севиб томоша қилади. Ўзбек киночилари томонидан ишланган «Сабру садоқат» кўп cерийали фильми телеканаллар орқали намойиш этилмоқда.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда Адиблар хиёбонида маърифий тадбирлар, Zoom платформасида эса видеоконференциялар Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказилмоқда.
Буларнинг бари миллий адабиётимизга, маънавият ва маърифатга, устоз ёзувчилар ижодига, яхши китобга бўлган эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.