Халқимиз машаққатлар олдида чекинмайди
Биз азму-шижоатли буюк халқмиз, деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида. Ҳақиқатан ҳам тарих саҳифаларини варақласак, бунга жуда кўп жавоблар топишимиз мумкин.
Биз азму-шижоатли буюк халқмиз, деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида. Ҳақиқатан ҳам тарих саҳифаларини варақласак, бунга жуда кўп жавоблар топишимиз мумкин.
Айниқса, кейинги ойларда халқимиз бошига тушган офат –короновирус падемиясидаги машаққатларни енгиб ўтишда халқимиз кўрсатаётган ўзаро ҳамкорлик, жипслик, Президентимиз Мурожаатларига лаббай деб жавоб бериб, бир мушт бўлиб бирлашиб, карантиндан соғ-омон чиқиб, оилалари бағрига қайтаётган ҳар бир ватандошимиз ўз шижоат ва жасоратини яна бир марта намойиш қилди.
Табиат қийинчиликлари, турли кутилмаган офатлар халқимиз иродасини асло буколмаган.
Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори дамбасининг олтинчи пикет деворидан сув чиқиши туфайли бир қатор қишлоқлар аҳолиси яшаш жойларини сув босиб кетганлиги ва бошқа барча талафотлар ҳар бир Ўзбекистонликни хавотирга солди.
Халқимиз Президентимизнинг нафақат мамлакатимиз тақдири, балки юртимизнинг ҳар бир фуқаросига бўлган меҳр ва ғамхўрлигини, эътиборини доимо ҳис қилади.
Айниқса, сирдарёлик ҳамюртларимиз Президентимизнинг зудлик билан воқеа содир бўлган ерга етиб келганини, ИИВ, Миллий гвардия,ФВВ ва Бош Вазир раҳбарлигидаги барча ҳукумат аъзолари, раҳбарлар рўй берган талофат оқибатларни бартараф қилишга киришганлигига гувоҳ бўлиб, бу табиий офатдан ҳам омон-эсон чиқишларига қаттиқ ишонмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳудуд аҳолиси билан учрашиб, ушбу синовли кунларни сабр бардош билан енгиш учун барча чора-тадбирлар белгиланишини айтди. Айниқса Президентимизнинг “Шароит яхши бўлмагунча бирорта раҳбар мен бошчилигимда ҳеч қаёққа кетмайди” деб топшириқ бергани ҳам давлатимиз раҳбарининг ҳамиша халқ билан бирга эканлигининг ёрқин кўринишидир.
Аҳолини сув тошқинидан асраш учун 11 минг 598 фуқаро зудлик билан эвакуация қилингани, талофат кўрган оилаларга тиббий, моддий, маънавий ёрдам берилаётганлиги ҳам диққатга сазовор. Шу ўринда мен Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги қуйидаги сўзларни келтириб ўтмоқчиман: “Биз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз... Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз”
Шу кунларда Президентимиз тилга олган бу тарихий ҳақиқатлар халқимизнинг ўзаро биродарлигида, бир-бирига ҳамкорлиги, қийинчиликлар олдида камарбасталиги, оғизбирлигида намоён бўлмоқда. Бу фазилатларни биз аввало давлатимиз раҳбарининг табиий офатларни бартараф қилишдаги жонкуярлиги, белгиланаётган чора ва тадбирлар, қийналган ҳар бир фуқарога ғамхўрлигида рўй-рост кўрмоқдамиз.
Сардобадаги сув тошқини офатларидан озор чеккан, талофат кўрган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқлар, экин майдонларидаги талафотлар оқибатини тугатишга Қорақалпоғистонлик дўсти-биродарлар биринчилардан бўлиб ёрдам берди. Сирдарёга қорақалпоқ элидан 30 бош қорамол, 35 тоннадан зиёд гуруч, 50 миллион сўмлик кийим кечаклар, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулоти жўнатилди. Шунингдек, Сирдарёнинг ёрдам ҳисоб рақамига 5 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.
Қорақалпоғистонликлар яқинда Бухоро вилоятининг Олот туманидаги табиий офат оқибатларини тугатиш учун ҳам 200 тонна цемент, З0 тоннадан ортиқ гуруч жўнатиб олотликларни қўллаб – қувватлаган эди. Биз қорақалпоғистонликлар Сардоба тумани халқи билан биргамиз, уларга ҳамдардмиз. Касалхонадаги бемор ҳам, уйсиз қолаётган аҳоли ҳам, экинлари нобуд бўлган, боғлари талофат кўрган деҳқону боғбон ҳам асло ёлғиз эмас. Бутун халқимиз меҳридан, қўллаб-қувватлашидан бу офатлар тезда бартараф бўлишига ишонамиз.
Негаки биз яшаётган заминда инсоният пайдо бўлганидан бери одамзод не-не балоларга гирифтор бўлмаган. Одамлар ҳамиша бир-бирига интилиб, бирини қўллаб, бир-бирига ишониб яшаган. Бир-бирининг оғирини енгил қилган, дардига малҳам бўлган. Бундай улуғ қадриятлар халқимизнинг буюк маънавий меросига айланганини ҳаёт ҳақиқатлари кўрсатиб турибди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда халқпарпарвар, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб келаётган Президентимизнинг қарор ва фармонлари ижроси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, обод шаҳар ва қишлоқларда, ёшларимизнинг ишонч тўла мурод ва мақсадларида намоён бўлмоқда.
Хулоса ўрнида давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш жоиз деб ўйлайман: “Халқимиз шуни яхши билиши керак. Олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб ишимизни мукаммал бажарсак, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради...”
Президентимиз халқимиз матонатига ишонади. Ҳаётимиз учун оғир келаётган 2020 йилнинг барча қийинчиликлари албатта орқада қолади. Мамлакатимизда Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат Ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи, тинчлик осойишталиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, халқимиз бахтли турмушининг кафолатидир.
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири,Олий Мажлис Сенати аъзоси.