Кенияда диний жамоа раҳбари 191 кишининг ўлимида айбдор деб топилди
Кения суди пастор Пол Маккензи ва унинг шерикларини 191 кишини ўлдирганликда айбдор деб топди. Прокуратура маълумотларига кўра, диний мазҳаб раҳбари издошларини оч юришга ундаган ва уларга Исо билан учрашув, ўлимдан кейин нажот ваъда қилган.
Унинг кўрсатмаларига кўра, аввал болалар, кейин турмушга чиқмаган қизлар, эркаклар ва сўнгра мазҳаб раҳбарлари рўза тутишлари керак эди. Омон қолганларнинг таъкидлашича, Маккензининг ўзи рўза тутмаган.
Тергов маҳаллий эркакнинг мазҳабга қўшилган рафиқаси ва қизи билан боғлана олмаганидан кейин бошланган.
2023 йил апрель ойида полиция Шакаҳола ўрмонида оммавий қабрларни аниқлади. Қазишмалар натижасида 400 дан ортиқ жасад топилган. Жами 429 кишининг ўлганлиги тасдиқланди. Суд-тиббий экспертизалари шуни кўрсатдики, қурбонларнинг аксарияти очликдан ўлган, баъзилари бўғилиш ва бош жароҳатларидан вафот этган.
2024 йил январь ойида Маккензи 191 кишини ўлдиришда айбланди ва унинг черкови уюшган жиноятчилик гуруҳи деб эълон қилинди. Руҳоний айбловларни рад этди. Унинг ва бошқа судланувчиларнинг жазоси 6 ноябрга белгиланган. Улар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА