“Келажакка қадам” маркази ёшларнинг бандлигини таъминлайди
“Келажакка қадам” маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида юртимиз ёшларининг меҳнат бандлигини таъминлаш ва уларнинг илғор ғояларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент Архитектура-қурилиш унвиерситетида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳар бош бошқармаси ҳамда “Келажакка қадам” марказининг масъул вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.


Унда ёшларнинг орзу ва ниятлари, келгусидаги режалари, ҳаётий интилишлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшларга эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилияти ва салоҳиятига мос касб-ҳунар эгаллаши учун яқиндан кўмаклашиш масалалари давлат сиёсатида устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.


Маълумки, “Келажакка қадам” ва “Келажак тадбиркори” дастурлари ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, “Бизнес старт” кредит маҳсулоти эндигина фаолиятини бошлаётган тадбиркорлар, стартаплар ҳамда бизнесга илк қадам қўяётган ёшларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган махсус кредит тури сифатида ўз бизнесини эндигина бошлаганлар учун манфаатли бўлмоқда. Оддий кредитлардан фарқли равишда, мазкур маҳсулот бозорда ҳали етарли тажриба ва айланма маблағларга эга бўлмаган янги компаниялар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга мўлжалланган. Айни пайтда ушбу кредит маҳсулотидан юртимиз ёшлари ҳам самарали фойдаланмоқда.


Самимий руҳда кечган мулоқот давомида “Бизнес старт” кредит маҳсулоти бўйича ҳар бири 150 миллион сўмлик икки лойиҳа, “Талаба инвест” кредит маҳсулоти бўйича 2,1 миллиард сўмлик бир лойиҳа ҳамда “Тадбиркорликка илк қадам” кредит маҳсулоти бўйича жами 100 миллион сўмлик бешта лойиҳа тақдим этилди.
Шунингдек, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида бугунги кунга қадар 47 нафар талабага жами 6 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани маълум қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА