Келажак посбонлари ваъда берди
Ёшларда ватанпарварлик, мардлик ва юксак масъулият туйғуларини шакллантириш, уларни элимизга муносиб посбонлар этиб тарбиялаш бугунги таълим ва тарбия тизимининг муҳим вазифаларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда умумтаълим мактаблари негизида ташкил этилаётган "Жасорат мактаблари" ўзининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналиши, интизоми ва сифатли таълим тизими билан ёшлар ва ота-оналар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бунинг амалий ифодаси сифатида Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида янги қабул қилинган ўқувчилар иштирокида тантанали ваъда бериш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятнинг 22 та умумтаълим мактаби негизида фаолият юритаётган “Жасорат мактаблари”да жами 1 144 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг тенг ярми – 572 нафари 5-синфга янги қабул қилинган бўлса, қолган 572 нафари 6-синф ўқувчиларидир.

Маълумотларга кўра, 2026-2027 ўқув йили учун ажратилган 572 та ўринга 1 678 нафар номзод ҳужжат топширган. Бир ўринга ўртача 2,9 нафар талабгор тўғри келгани ушбу таълим йўналишига бўлган талаб ва қизиқиш қанчалик юқори эканини аён этади. Синовлар икки босқичда умумтаълим фанлари бўйича тест ҳамда жисмоний тайёргарлик меъёрлари асосида шаффоф ўтказилди.
Ватанга муҳаббат ва фидойилик туйғуларини мужассам этган тадбирларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, ҳокимликлар масъуллари, нуронийлар ва ота-оналар иштирок этмоқда. Ўқувчилар давлат байроғи остида ватанига муносиб фарзанд бўлиш, зарур билимларни эгаллаш, интизомга риоя қилиш ва юрт тинчлигини авайлашга тантанали равишда ваъда бермоқда.

Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Фавқулодда вазиятлар бўлимига бириктирилган 26-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Бекобод шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабининг “Жасорат” синфларида маросимлар юқори савияда ташкил этилди. Тадбирлар доирасида ўқувчилар ўзларининг саф тайёргарлиги ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги маҳоратларини намойиш этди, фаол ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Замонавий “Жасорат” синфлари ёш авлод қалбида бурчга садоқат ва мардлик фазилатларини мустаҳкамлаб, келажакда эл-юрт хизматида турадиган муносиб посбонларни тарбиялашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири