Келажак пианиночиси: маҳоратдан саҳнага қадар
Дунёда шундай мусиқий асарлар борки, улар инсонни бир лаҳзага тўхтаб, мушоҳада қилишга ундайди, илиқ хотираларни уйғотади, баъзида эса ҳатто ички дунёсини ҳам ўзгартиради. Фортепиано садоси ана шундай қудратга эга.
Фортепиано санъатини ривожлантириш фақат профессионал ижрочилар тайёрлаш вазифаси билан боғлиқ эмас. Бу – истеъдодни ўз вақтида пайқаш, уни қўллаб-қувватлаш ва, энг муҳими, унинг ҳақиқий санъат устаси бўлиб камол топиши учун зарур муҳитни яратиш демакдир.
Бугун Ўзбекистонда ижодий бирлашмалар ёш ижодкорларга ана шундай имкониятларни тақдим этишга хизмат қилмоқда. Уларнинг ривожланиши ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, касбий юксалишга кўмаклашиш ва янги истеъдодларни кашф этишга қаратилган маданият ва санъат соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам шу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Ҳужжатга кўра, профессионал санъат ва ёш ижрочиларни тизимли қўллаб-қувватлаш, ижодий фаолият сифатини ошириш, маданият ходимларининг халқаро танлов ва лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг касбий ривожланиши ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ижодий бирлашмаларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Бир қарашда бу вазифалар расмий тушунчалардек туюлиши мумкин. Аслида уларнинг замирида оддий, аммо муҳим бир ҳақиқат ётади: истеъдоднинг ўзи етарли эмас. Ёш пианиночига ўз қобилиятини намоён этиш учун саҳна керак. Унинг хатоларини кўрсатадиган, зарур пайтда маслаҳати ва насиҳати билан йўл-йўриқ кўрсатиб турадиган тажрибали устозлар керак. Энг муҳими, ижодкор ёлғиз эмаслигини, катта мусиқий оламнинг бир қисми эканлигини ҳис қилиши керак.
– Ижодий бирлашманинг фаолияти концертлар ўтказиш билангина чекланиб қолмаслиги керак, – дейди Ўзбекистон давлат консерваториясининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, ижодий бирлашма раиси, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Сайёра Ғафурова. – Ижрочи илк профессионал қадамларидан тортиб, йирик миллий ва халқаро лойиҳаларда иштирок этишгача бўлган йўлни қамраб олган яхлит тизимни йўлга қўйиш зарур. Бу тизимда таълим, концерт амалиёти, устозлик, замонавий медиаресурслар, халқаро ҳамкорлик ва жонли мулоқот муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мусиқа фақат ноталар ва машғулотлар орқали ривожланмайди. У авлодлар учрашувида, бир ижодкор бошқа санъаткорнинг ижод асарларини кўриши ва эшитиши, тажриба алмашиши ва янги ғояларнинг туғилиши жараёнида ҳам такомиллашади.

Ана шу ёндашув “Келажак пианиночиси: маҳоратдан саҳнага қадар” лойиҳасининг мазмунида ҳам ўз ифодасини топди. Лойиҳани амалга оширишда ижодий бирлашманинг ҳамкорлари кўмаги муҳим ўрин тутди. Асосий ҳомийлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бўлиб, у профессионал санъатни ривожлантириш ва ёш истеъдодлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундай ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, у таълимни концерт амалиёти, ижодий мулоқот ва устозлик билан уйғун тарзда бирлаштириш имконини беради.
Айнан “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида 2026 йил 17 август куни Чорвоқдаги “Chorvoq Darvozasi” мажмуасида “Келажак пианиночиси: маҳоратдан саҳнага қадар” лойиҳаси ўтказилди. Унда болалар мусиқа мактаблари ўқувчиларидан тортиб, ўқиш, концерт фаолияти ва танловларда юқори натижаларга эришган мусиқа коллежлари ҳамда консерватория талабаларигача – фортепиано синфларида таҳсил олаётган турли ёшдаги ижрочилар иштирок этди.
Рўйхатдан ўтиш ва аудиобрифингдан сўнг тадбирнинг асосий қисми – таниқли пианиночи, бастакор ва мусиқий продюсер Марат Мақсудийнинг “Катта саҳна сари” интерактив маҳорат дарси бўлиб ўтди. Унда ёш басткорлар ўз ижоди ҳақида ҳаққоний фикр-мулоҳаза олиш, унга четдан назар ташлаш имкониятига эга бўлди. Таниқли бастакор ўз мусиқий асарларидан парчалар ижро этганидан сўнг, ёш иштирокчилар ўз дастурларини намойиш этди.

Марат Мақсудий турли йилларда Penson Studio лойиҳаларининг мусиқий директори бўлган, кино ва ҳужжатли лойиҳалар учун мусиқа яратган. Ижод намуналари орасида ўзбек саҳна рақси тарихи ва ривожланишига бағишланган “Ўзбек рақси афсоналари” лойиҳаси учун яратилган асарлар ҳам бор. 2023 йилда бастакорнинг тўққизта композицияни ўз ичига олган “Simple Lullabies” — “Оддий аллалар” номли муаллифлик фортепиано альбоми дунёга келди. Унинг сўзларига кўра, альбом яратилишига бастакорнинг болалик хотиралари ва фарзандининг туғилиши билан боғлиқ ички кечинмалари туртки бўлган. Унинг дискографиясидан “Parallel Stories (Live at Yamaha Music Tashkent)” ва “Music for Sami” альбомлари ҳам ўрин олган.
Икки соатлик маҳорат дарсидан сўнг иштирокчилар тушлик қилиб, кунни мутлақо бошқача кайфиятда давом эттирди. “Мусиқий Заковат” дастури мусиқа, ижод ва ўйинни бирлаштирди. Иштирокчилар мусиқий топишмоқларни ечди, бастакорлар ҳақидаги билимларини чархлади. “Крокодил” ўйинида эса болалар мусиқий қобилиятларидан ташқари, артистлик маҳоратини ҳам намойиш этиди. Бундай эркин муҳит иштирокчиларга бир-бири билан яқинроқ танишиш, ўзини бир жамоанинг муҳим қисми сифатида ҳис қилиш имконини берди.

Кеч тушгач, иштирокчилар бироз ҳордиқ чиқариб, оқшом концертга тайёргарлик кўришни бошлади. Ёш пианиночилар ўз дастурларини яна бир бор такрорлаб, саҳнага чиқишга ҳозирландилар. Бир неча дақиқалик чиқиш ортида қанча меҳнат ётганини ҳар бир мусиқачи яхши билади: гаммалар, этюдлар, машғулотлар, бедор кечалар... Ва ниҳоят, ўша онлар келади. Мусиқачи йиллар давомида тайёрлаган асарини тингловчига тақдим этади.
“Маҳоратдан саҳнага қадар” концерт дастури сермазмун куннинг мантиқий якунига айланди. Концерт иштирокчиларни тақдирлаш маросими билан ниҳоясига етди.
Майдондаги ижодий муҳит тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Одатда концерт зали ичида эшитиладиган фортепиано садоси бу сафар очиқ осмон узра баралла янгради.
Ана шу лаҳзаларда лойиҳанинг номи чуқур рамзий маънога эга эканлигини англайсан. Зеро, маҳоратдан саҳнага қадар бу бир қадам эмас, балки сабр, интизом ва ўз устида тинимсиз ишлашни талаб қиладиган узун ва машаққатли йўлдир. Албатта, бу йўлда инсонни муваффақиятлар ҳам, мағлубиятлар ҳам кутади, унинг ҳаловати йўқолади, хато ва қайта уринишлар бўлади. Аммо бу синовлардан ўтган ижодкор, албатта, етук санъаткорга айлантади.
Тадбир якунида иштирокчилар сертификатлар, амалий тавсиялар ва, энг муҳими, янги тажрибага эга бўлди.
Иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари эса лойиҳанинг энг муҳим натижаси сертификат ёки моддий рағбатда эмас, балки ёш ижодкорларнинг қалбида уйғонган иштиёқ ва тезроқ ижодга қайтиш истагида бўлганини кўрсатди.
“Боламнинг кўзлари ёниб, қалби қувончга тўлди”, – деди айрим ота-оналар. Бошқалар эса кун қизиқарли ва мазмунли ўтганини, кейинги машғулотлар учун туртки бўлганини таъкидладилар. Тадбир ҳар томонлама пухта ўйлангани ҳам алоҳида эътироф этилди.
Аслида, бундай илиқ таассуротлар ҳар қандай расмий ҳисоботдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Зеро, бундай ташаббусларнинг ҳақиқий самарасини фақат иштирокчилар сони, ўтказилган маҳорат дарслари ёки саҳнага чиққан ижрочилар билан ўлчаб бўлмайди. Санъатда энг муҳим натижалар кўпинча кўзга кўринмайди. Улар инсоннинг қалбида содир бўлади: кучли иштиёқ, кўпроқ машқ қилиш истаги, асарни бошқача эшитишга уриниш, юксак марраларга интилиш.
Шу маънода, “Келажак пианиночиси: маҳоратдан саҳнага қадар” лойиҳаси шунчаки маҳорат дарси ёки концерт эмас. У ёш ижрочининг таълимдан саҳнага, биринчи қадамдан катта мақсадлар сари ҳаракатини бирлаштирган замонавий мусиқий маърифат майдонига айланди. “Ўзмиллийбанк” АЖнинг бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши алоҳида аҳамият касб этиб, маданият ва санъатни ривожлантириш фақат бир ташкилот ёки бир соҳанинг вазифаси эмас, балки давлат, ижодкорлар, таълим муассасалари ва ижтимоий масъулиятли бизнеснинг муштарак саъй-ҳаракатини талаб қиладиган умумий вазифа эканлигини кўрсатади.
Сабина Гимадиева,
Ўзбекистон давлат консерваторияси
2-босқич магистратура талабаси.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати кўмагида тайёрланди