"Келажак ўйинлари-2026": Фижитал футболчиларимиз Испанияни мағлуб этди
Шу кунларда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 8 та фижитал спорт йўналишларида “Келажак ўйинлари - 2026” мусобақаларининг финал босқич баҳслари ўтказилмоқда.
Соврин жамғармаси 4 миллион АҚШ долларидан иборат мазкур ўйинларда 50 га яқин давлатнинг 800 нафардан ортиқ энг маҳоратли фижитал спортчилари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Ўзбекистон спорт делегацияси мазкур ўйинларнинг фижитал футбол, лазертаг ва just dance баҳсларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ўйинлар дастурига мувофиқ, бир қатор йўналишларда совриндорлар номи аниқланган бўлса, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган йўналишлардаги мусобақаларга кеча старт берилди.
Хусусан, кеча фижитал футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинни Испания жамоасига қарши ўтказди. Қизиқарли кечган тафаккур ва жисмоний фаоллик мусобақасида юртимиз вакиллари 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бугун, 5 август куни лазертаг йўналишидаги мусобақаларга старт берилса, эртага 6 августдан just dance баҳслари бошланади. Ўйинлар 9 августга қадар давом этади.
Т. Рўзиев,
ЎзА