«Келажак мероси» халқаро мукофоти – тинчлик, ҳамжиҳатлик, фаровонлик сари яна бир қадам
Илм-фан, илғор технологиялар, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ютуқлар мамлакат тараққиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги «Келажак мероси» халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисида»ги қарорига кўра таъсис этилган “Келажак мероси” мукофоти 2025 йилнинг ноябрида ўзининг илк соҳибларига топширилди.
Мазкур мукофотни таъсис этишдан кўзланган асосий мақсад маданият, санъат, адабиёт, илм-фан ва таълим соҳаларида юксак натижаларга эришган, миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига ҳисса қўшаётган маҳаллий ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришдан иборат.
Танлов 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 7 та йўналишда – адабиёт, маданий мерос, театр ва кино, мусиқа ва рақс, тасвирий ва амалий санъат, мода ва дизайн, илм-фан ва таълим бўйича ўтказилади.
«Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгаши тузилган ва унинг ишчи органи сифатида Маданият вазирлиги белгиланган. Ташқи ишлар вазирлигига мукофотни хорижда кенг тарғиб қилиш ва чет эллик иштирокчиларнинг келишини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Айтиш керакки, ушбу мукофот маданият, санъат, адабиёт, илм-фан ва таълим соҳаларида юксак натижаларга эришган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий мамлакатлар вакилларига (ижодкорлар, олимлар ва зиёлиларга) берилади.
2025 йилнинг 15 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасида Президентларнинг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида ташкил этилган тантанали маросимда мазкур мукофот ўз эгаларига топширилгани эътиборга молик.
Ушбу мукофотга илк бор атоқли адиб ва публицист, устоз ижодкор Султон Раев (Қирғизистон) - «Адабиёт» йўналишида, таниқли шоир, журналист ва давлат арбоби Давлат Сафарзода (Тожикистон) - «Маданият» йўналишида, қозоғистонлик театр ва кино актёри, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Еркебулан Дайиров - «Театр ва кино» йўналишида, дунёга машҳур озарбайжонлик хонанда, муғом санъати устаси (хонанда) ва Озарбайжон халқ артисти Алим Гасимов - «Мусиқа ва рақс» йўналишида, туркманистонлик таниқли ҳайкалтарош, Туркманистон халқ рассоми ва Туркманистон давлат бадиий академиясининг фахрий академиги Бабасари Аннамирадов — «Тасвирий ва амалий санъат» йўналишида мукофотга сазовор бўлди.
Диққатга сазовор жиҳати, жаҳон миқёсида танилган ўзбекистонлик атоқли олима, “Шуҳрат” медали соҳиби, микробиолог, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори ва профессор Дилфуза Эгамбердиева ҳам “Келажак мероси” мукофотига - «Фан, таълим ва рақамли технологиялар» йўналишида муносиб топилган.
Дилфуза Эгамбердиева – Бутунжаҳон Фанлар академияси (TWAS) аъзоси, Ислом дунёси фанлар академияси (IAS) аъзоси, ЮНЕСКО мукофоти соҳиби ҳам. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази директорининг илмий ишлар ва стратегик таҳлил бўйича биринчи ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма лабораторияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Президентимиз ғояси асосида “Келажак мероси” мукофотининг таъсис этилгани илм-фан ва ижтимоий соҳаларни равнақ топтириш орқали давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, олимларнинг, умуман ижодкор зиёлиларнинг халқаро ҳамкорлиги учун имкониятлар эшигини кенгроқ очиш, башарият тараққиётига ҳисса қўшаётган фидойи зиёлиларни қўллаб-қуватлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовор.
Назокат Усмонова, ЎзА