Кексалар ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда
Қарор ва ижро
Тошкент вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси масъуллари, соҳа ходимлари, ҳудуд фаоллари қатнашди.

Президентимизнинг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан илгари “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази сифатида қайта номланди.


Хусусан, Оҳангарон шаҳридаги 255 ўринга мўлжалланган бино 1972 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда 237 нафар шахслар мавжуд шароит ва қулайликлардан фойдаланмоқда. Бу ерда нафақат ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, балки фарзандлари ва қаровчилари бўлган нуронийлар, алоҳида парвариш талаб қиладиган инсонларга шартнома асосида 30 дан зиёд ижтимоий-тиббий, маданий хизматлар кўрсатилмоқда.


– Фарзандлари меҳнат сафарида бўладиган ва таҳсил олиш учун кетган кексалар, мунтазам тиббий назоратга муҳтож инсонлар кўп учрайди, – дейди Тошкент вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази директори Баҳром Аралов. – Улар уйда ёлғиз қолмаслиги керак. Бундай ҳолларда руҳий тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Бизнинг марказимиз эса уларни ҳам қамраб олиш имконига эга.
Тадбир давомида иштирокчиларга бинода яратилган шароитлар кўрсатилди. Шу ердаги кексалар билан дилдан суҳбат қилинди.


А.Мусаев, ЎзА.