Кегейлида сув тежовчи технологиялар учун қувурлар ишлаб чиқарилмоқда
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Айниқса, сув тақчиллиги кузатилаётган ҳудудларда томчилатиб суғориш тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида хитойлик инвестор ташаббуси билан жорий йилда фаолият бошлаган “Kegeyli Yuanhang Quvur Sanoati” масъулияти чекланган жамиятига қарашли пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишда фойдаланиладиган турли диаметрдаги пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, 20 та янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 240 минг тоннани ташкил этади.
Туманда сув тежовчи технологияларни қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилги пахтачилик мавсумида айрим фермер хўжаликларида шўрланган ерларда плёнка остида томчилатиб суғориш усули қўлланилиб, шўрга чидамли пахта нави етиштирилди.
Мазкур тажриба натижасида ҳосилдорлик бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилди. Бу эса сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.
[gallery-32431]
Кегейли туманида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар сув ресурсларини тежаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА