Катта футболга йўл шу ердан бошланади (+видео)
Наманганда миллионлар ўйинига меҳр азал-азалдан бўлакча. Рашид Ғофуров, Анвар Солиев, Хайрулло Каримов, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Одил Аҳмедов каби донгдор футболчилар ҳам шу заминдан етишиб чиққан.
Тажрибали чарм тўп усталарига муносиб ворисларни тарбиялашга яқиндан ҳисса қўшиб келаётган Наманган вилояти футбол академиясида янги – 2026/2027 ўқув йили учун ёш футболчиларни саралаш бўйича қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди.

Мазкур саралаш жараёнида 2014 йилда таваллуд топган 300 дан зиёд талабгорлар иштирок этди. Улар академияда таҳсил олиш ва футбол бўйича билим ҳамда маҳоратини янада ривожлантириш имконияти учун ўзаро рақобатлашди.
Имтиҳонлар давомида иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги, чаққонлиги, тўп билан муомала қилиш маҳорати, техник ва тактик қобилиятлари мутахассислар томонидан баҳоланди. Жараёнларни эксперт-ҳакамлар ҳайъати сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси, республика Спорт вазирлиги, мураббийлар маркази мутахассислари ҳамда ўз вақтида катта футболда ёрқин даврларини ўтказган собиқ юлдузлар кузатиб бордилар.

Бунинг натижасида, саралаш якунида номзодлар орасидан энг муносиб ва иқтидорли 22 нафар ёш футболчи танлаб олинади.


– Спорт мактаблари, футбол академияларига қабул имтиҳонлари ўз олдида футболчи бўлишдек мақсадларни қўйган болажонлар учун катта имконият, – дейди Наманган футбол академияси директори Ғанишер Исмоилов. – Ҳар бир номзод иштирокчи қобилиятини намойиш қилиб, футбол академиямизда таҳсил олиш учун муносиб эканлигини исботлашга интилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон миллий чемпионатларининг кам сонли доимий иштирокчиси — Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийси Темур Кападзе қабул имтиҳонлари жараёнида бевосита қатнашиб, ёш футболчиларнинг саралаш жараёнини кузатиб борди. Академияда ўсиб келаётган ёш авлод учун яратилган замонавий шарт-шароитларга юқори баҳо берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.