Каталина Гарсия: Ўзбекистонда “яшил” молиялаштириш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда
Иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда иқлим молияси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда халқаро ташкилотлар, давлат идоралари ва молиявий институтлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган ташаббуслар “яшил” инвестицияларни кенгайтириш, барқарор молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда хусусий капитални жалб этишга хизмат қилади.
Глобал яшил иқтисодий ўсиш институти (GGGI)нинг “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги тафовутларни бартараф этиш” лойиҳасининг мамлакатимизда амалга оширилиши “яшил” молиялаштириш тизимини ривожлантириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга кенг йўл очди.
Бу ҳақда GGGIнинг инвестициялар бўйича мутахассиси ҳамда “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги тафовутларни бартараф этиш” лойиҳаси раҳбари Каталина Гарсия ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Яқинда биз “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги тафовутларни бартараф этиш” лойиҳасининг якуний тадбирини ўтказиб, унинг амалий натижаларини тақдим этдик. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасида иқлимга мос инвестицияларни кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилди.
Лойиҳа Буюк Британия Халқаро тараққиёт дастури томонидан молиялаштириладиган “Small Grants and Climate Innovation Facility” (SGCIF) доирасида GGGI томонидан амалга оширилди. Шунингдек, у Германия ҳукумати номидан GIZ амалга ошираётган “Марказий Осиёда иқлим хатарларини бошқариш” минтақавий дастурининг бир қисми ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳар икки мамлакатда иқлим молияси тизими комплекс баҳоланди, мавжуд эҳтиёж ва муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича миллий ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларда қисқа муддатли амалий чоралар билан бир қаторда узоқ муддатли стратегик устуворликлар ҳам белгилаб берилди.
Шу билан бирга, давлат ва хусусий молиявий институтларнинг “яшил” молиялаштириш ҳамда ESG инвестициялари соҳасидаги салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда 170 нафардан ортиқ мутахассис иштирокида тўртта ўқув-тренинг ташкил этилди, манфаатдор томонлар учун барқарор молиялаштириш, ESG тамойиллари, уларни жорий этиш, экологик ва ижтимоий хатарларни бошқариш (ESRM) ҳамда экологик ва ижтимоий бошқарув тизимлари (ESMS) бўйича олтита амалий ўқув модули тайёрланди. Шунингдек, танланган молиявий институтлар ва давлат ташкилотларига техник кўмак кўрсатилди.
Ўзбекистонда Бизнесни ривожлантириш банки (BDB) учун Барқарор молиялаштириш асослари (Sustainable Finance Framework) янгиланди. Мазкур ҳужжат мустақил “Second-Party Opinion” (SPO) баҳолаши натижасида “Аъло” рейтингига сазовор бўлди. Банк жорий йилнинг иккинчи ярмида облигациялар чиқаришни режалаштирмоқда.
Агробанк учун ишлаб чиқилган “Яшил” молиялаштириш асослари (Green Finance Framework) эса қишлоқ хўжалиги ва экологик барқарор фаолият йўналишларини молиялаштиришга қаратилган янги молиявий маҳсулотларни жорий этиш имконини яратди.
Шунингдек, Қирғиз Республикасида ABank учун “Яшил” молиялаштириш асослари ишлаб чиқилди. Ҳужжат мустақил “Second-Party Opinion” (SPO) баҳолашидан муваффақиятли ўтиб, “Аъло” рейтингига муносиб, деб топилди. Банк жорий йилнинг ўзида “яшил” облигациялар чиқаришни режалаштирмоқда. Шунингдек, Қирғиз Республикаси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда келгусида суверен облигациялар чиқариш учун зарур ҳуқуқий ва институционал асосларни яратишга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Таҳлиллар Ўзбекистонда “Net Zero 2055” мақсадларига эришиш учун ҳар йили 9 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги иқлим молияси тақчиллигини бартараф этиш зарурлигини кўрсатди. Бунинг учун иқлим билан боғлиқ молиявий тартибга солишни такомиллаштириш, фискал сиёсатни иқлим мақсадларига мослаштириш, ESG тамойилларини молиявий назорат тизимига кенг жорий этиш, давлат иштирокидаги аралаш молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, барқарорликка боғланган ҳамда яшил облигациялар каби капитал бозори воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Қирғиз Республикасида эса NDC 3.0 доирасида 2035 йилгача 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги иқлим молияси эҳтиёжини қоплаш учун яшил таксономияни жорий этиш, MRV ва маълумотлар тизимларини мустаҳкамлаш, лойиҳаларни тайёрлаш салоҳиятини ошириш, кафолат ва таваккалчиликларни камайтириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ҳамда иқлимга чидамлилик соҳаларига хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Фурсатдан фойдаланиб, лойиҳани амалга оширишда кўрсатган беқиёс кўмаги ва қўллаб-қувватлаши учун барча ҳамкорларимизга самимий миннатдорлик билдирамиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.