Каспий денгизида сув сатҳи пасайиши экологик таҳдидни кучайтирмоқда
Эроннинг Мазандаран вилояти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош директори Муҳаммад Канани сўзларига кўра, Каспий денгизидаги сув сатҳи йилига тахминан 10-20 см га пасайиб бормоқда ва 200 йил ичидаги энг паст даражага етди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки ўн йилликда Каспий денгизининг сув ҳарорати тахминан 1,5 даража цельсийга кўтарилган, буғланиш эса 10-15 фоизга ошган. У иқлим ўзгариши ва дарё оқимининг камайишини асосий сабаблар сифатида келтирди.
Шунингдек, Канани денгиз сатҳининг янада пасайиши қирғоқ бўйи аҳолиси, инфратузилма ва минтақанинг ноёб табиатига таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирди.
Каспий денгизи сувининг тахминан 75 фоизи дарёлардан келади, Волга дарёси эса бу оқимнинг тахминан 80 фоизини таъминлайди. Ифлосланиш қўшимча хавф туғдиради: шаҳар ва саноат чиқинди сувлари, нефть маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги чиқиндилари денгизга қуйилади.
Экологлар саёзлик ва ифлосланишнинг комбинацияси аллақачон Каспий тюленлари ва бошқа денгиз жониворлари ҳаётига хавф солаётганидан огоҳлантирмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА