«Касперский» АҚШни тарк этмоқда
Россиянинг антивирус гиганти «Касперский» лабораторияси раҳбари «BBC News»га берган интервьюсида Байден маъмурияти фирма дастурий таъминотини сотиш ва тарқатишни тақиқлаганидан кейин АҚШни тарк этишини айтди.
Касперскийнинг таъкидлашича, у «мамлакатда бизнес имкониятлари чеклангани учун» кетиш ҳақида «афсус ва қийин қарор» қабул қилган.
Бу жараён ўтган ой Қўшма Штатлар савдо вазири Жина Раймондонинг Москванинг компанияга таъсири АҚШ инфратузилмаси ва хизматлари учун жиддий хавф туғдиришини айтганидан кейин содир бўлди.
АҚШда йигирма йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келган Касперский бу айбловларни рад этди.
– Жорий йил 20 июлдан бошлаб «Касперский» АҚШдаги фаолиятини босқичма-босқич тўхтатади, — дейилади компания баёнотида.
Унинг АҚШдаги веб-сайти аллақачон антивирус ва киберхавфсизлик воситаларини сотишни тўхтатган ва сайт саҳифасида «Харидни амалга ошириб бўлмайди» деган хабар мавжуд.
Эълон Касперский маҳсулотларини сотиш ва тарқатиш АҚШда тақиқланганидан кейин пайдо бўлди.
Раймондо хонимнинг айтишича, Қўшма Штатлар Россиянинг «америкаликларнинг шахсий маълумотларини тўплаш нияти» туфайли чора кўришга мажбур бўлган.
– «Касперский» Қўшма Штатларда ўз дастурий таъминотини сота олмайди ёки фойдаланилаётган дастурий таъминотга янгиланишларни тақдим эта олмайди, -деди савдо вазири.
Чекловларни бузган сотувчи ва мижозлар мамлакат Савдо вазирлиги томонидан жаримага тортилади.
Савдо департаменти маълумотларига кўра, бош қароргоҳи Москвада жойлашган трансмиллий компания дунёнинг 31 мамлакатида ўз ваколатхоналарига эга бўлиб, 200 дан ортиқ мамлакатларда 400 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ва 270 минг корпоратив мижозларга хизмат кўрсатмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА