Касбий кўникмалар марказлари техникумга айланади
Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган политехникум ҳамда Самарқанд архитектура-қурилиш техникуми негизида Самарқанд шаҳар муҳандислик мактаби ташкил этилади.
Бу вазифа давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.
Умуман, ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 57 та техникум фаолият юритмоқда ва бу муассасаларда саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда минглаб ёшлар таълим олмоқда.

– Президентимизнинг 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мамлакатимизда Касбий таълим агентлиги ташкил этилди, – дейди Самарқанд вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. – Янги агентликнинг асосий вазифаси — техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий таълим соҳасини замон талабларига мос равишда бошқаришдан иборат. Янги қабул қилинган ҳужжатларга кўра, вилоятимизда мавжуд камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 5 та касбий кўникмалар маркази ҳам техникум сифатида қайта ташкил этилиб, Касбий таълим агентлиги тизимига ўтказилади. Агентлик фаолияти йўлга қўйилиши натижасида техникумларнинг фаолияти ягона тизимда бошқарилиб, самарадорлик ошиши кутилмоқда. Бу нималарда кўринади?
Биринчи навбатда, қарорда белгиланганидек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали стипендия тўланади. Ҳар ойлик стипендия базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (412 минг сўм) этиб белгиланган.
Иккинчидан, техникумлар Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан юритиладиган миллий рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Миллий рейтинг 2026 йилдан бошлаб ҳар ўқув йили якуни бўйича шакллантирилади ва рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган 50 та техникумнинг ҳар бири БҲМнинг 3 минг баравари (1 миллиард 236 миллион сўм) миқдорида рағбатлантирилади. Бу техникумлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий таълим жараёнларини йўлга қўйиш учун жуда катта имконият бўлади.
Учинчидан, 2026 йилдан бошлаб техникум ўқувчилари ўртасида ҳар йили Президент соврини учун “Касбий маҳорат миллий танлови” ўтказилади. Самарқанд вилояти мисолида айтадиган бўлсак, мазкур танловни ўтказиш учун амалий базалар, устахоналар ва ишлаб чиқариш корхоналари етарли. Бу ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва инновацион ғояларни илгари суришга хизмат қилади.
Тўртинчидан, 2030 йилга қадар техникумлар фаолиятини тугатиш, уларга тегишли ер участкалари, бино-иншоотлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини хусусийлаштиришга мораторий жорий этилди. Бу техникумлар фаолиятини кафолатлаш ва халқаро стандартларга мос малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятини кенгайтиради.
Энг муҳими, Касбий таълим агентлигининг ташкил этилиши натижасида техникумларни бошқаришнинг самарали тизими яратилади ва муассасалар ўртасида рақобат кучаяди, таълим сифати ошади ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди. Бу эса вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий кадрлар бозорини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири