Касбий имтиҳон истеъдодли ёшларни саралаб беради
Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилда Навоий давлат педагогика институтида касбий имтиҳонлар бўладиган 8 та йўналишга 890 нафар абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилинди.
– Институтимизда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтадиган 8 та йўналишга ҳужжат топширган абитуриентларнинг 18 нафари ногиронлиги бўлган ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ҳамда 3 нафари кўзи ожиз бўлган абитуриентлардир, – дейди институт Ахборот хизмати раҳбари Камол Холов. – Имтиҳонларни юқори савияда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида малакали, ўз йўналиши бўйича тажрибага эга мутахассислар жалб этилган. Имтиҳонлар икки сменада ташкил этилмоқда. Айни пайтда тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, ранг тасвир, дизайн, мусиқа таълими, жисмоний маданият ва спорт фаолияти - кураш йўналишида ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.



Касбий ва ижодий имтиҳонларнинг фан дастури ҳамда баҳолаш мезонлари институтнинг nspi.uz веб-сайти ва телеграмм ижтимоий тармоғига жойлаштирилган бўлиб, ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари ҳар бир хона учун алоҳида-алоҳида жойлаштирилган телевизорларда видео кузатув орқали имтиҳон жараёнларини кузатиб бормоқда. Ҳар бир хонада бўлиб ўтаётган имтиҳон жараёнлари видеокамералар орқали ёзиб олинмоқда ва зарурат туғилганида исталган пайтда уни қайта кўриш имкони мавжуд. Буларнинг барчаси ижодий имтиҳонларнинг очиқ, адолатли ва шаффоф ўтиши учун амалга оширилмоқда.




Маълумот ўрнида, 2023-2024 ўқув йилида Навоий давлат педагогика институтига 2937 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган. Жумладан, 30 бакалавриат (кундузги) таълим йўналишлари учун 1830 та, 10 та сиртқи таълим йўналишлари учун 625 та, 9 та кечки таълим йўналишлари учун 360 та ва магистратура мутахассисликлари учун эса 122 та ўрин ажратилган. Шунингдек, институтда иккинчи мутахассислик бўйича ҳам 325 та квота ажратилган.
Абдували Бўриев, ЎзА