Касб танлашда шахсий қизиқиш асосий мезон бўлиши керак
Касб танлаш инсоннинг бутун келажагини белгилаб берадиган энг муҳим қарорлардан бири бўлиб, бу борадаги хатолик нафақат карьерага, балки саломатликка ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири — қайси касб эгаси бўлишини танлаш. Чунки касб нафақат даромад манбаи, балки инсоннинг жамиятдаги ўрни, кундалик ҳаёти ва келажакдаги имкониятларини ҳам белгилайди. Мактабни битираётган ёш олдида одатда битта катта савол туради: “Ким бўламан?”. Бу саволга жавоб топиш эса ҳар доим ҳам осон эмас.
Баъзан касб боланинг қизиқиши ва қобилиятига қараб эмас, унинг ўрнига бошқаларнинг истаги билан танланади. “Бу касб нуфузли”, “Бунинг даромади яхши”, “Фалончининг фарзанди ҳам шу йўналишда ўқияпти”, деган қарашлар ёшнинг ўз хоҳишидан устун келиб қолади. Натижада эса қўлида диплом бор, аммо эгаллаган касбига қизиқиши йўқ мутахассис пайдо бўлади.
Буни ҳаётий бир мисолда кўриш мумкин. Мактабни тамомлаган синфдошим Жамшиднинг ота-онаси унинг иқтисодчи бўлишини истарди. У ҳам ота-онасининг гапидан чиқмай, шу йўналишда ўқишга кирди. Аммо Жамшиднинг асл қизиқиши болалигидан техникага боғлиқ эди. Бўш вақтида эски буюмларни таъмирлар, компьютер ва электрон қурилмалар қандай ишлашига қизиқарди. Бир неча йил ўтгач, у ўз қизиқишидан воз кеча олмаслигини тушунди ва ахборот технологиялари соҳасида ўқишни бошлади. Бугун эса ўзи севган йўналишда меҳнат қилмоқда ва даромад ҳам шунга яраша.
Бу оддий мисол бир ҳақиқатни эслатади: инсон ўзига мос касбни топганида, меҳнат унинг учун фақат мажбурият бўлиб қолмайди. Аслида, ҳар бир касбнинг ўз ўрни бор. Жамиятга шифокор ва ўқитувчи қанчалик зарур бўлса, малакали электр устаси, қурувчи, механик, дастурчи, тикувчи ёки ошпаз ҳам шунчалик керак. Муҳими, касбнинг номи эмас, уни эгаллаган инсоннинг билими ва маҳоратидир.
Баъзи ҳолларда ота-оналар фарзандларининг қизиқиши, истакларига қарши чиқиб, фақат моддий кўпроқ манфаат келтирадиган касбларга йўналтиради. Ёки ўзи бир пайтлар танламоқчи бўлган, аммо эриша олмаган касбда фарзандини кўришни истайди. Бироқ, кўп ҳолатларда ёшлар ота-онасининг фахрланиб юриши учун улар танлаб берган касбда ўзини синаб кўришни истайди-ю, ўзининг қизиқишлари ва танламоқчи бўлган касби мутлақо бошқа бўлади. Фарзандининг истаги ва қарашлари ота-онасиники билан мутлақо фарқ қилиши мумкинлиги эса албатта, табиий ҳол. Кўп ҳолатларда буни тан олишни истамайдиган ота-оналар ўзи билмаган ҳолда фарзандининг келажагига таъсир ўтказади.
Тўғри, фарзанд ўзи истаб танламаган соҳада ўқиши, шу касбда ишлаши ҳам мумкиндир. Аммо бу касб билан унинг жамиятда ўзини топиши қийин бўлиши мумкин. Сабаби, ўзи истаган касбга қобилияти бўла туриб, фарзанд чин қувватни бир вақтлар ота-онаси танлаб берган касбга йўналтира олмаслиги мумкин-да.
Бу эса ўз ўрнида стрессга ёки келгусидаги фаолияти давомида муваффақиятсизликларга ёки буткул яна бошқа касбни танлашга мажбур қилиши мумкин.

—Ишдан кўнгли тўлмаган ва неврозга чалинган одам топаётган даромадидан ҳам қониқмайди, бу эса оилавий етишмовчилик ва бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Тўғри, бундай беморлар чуқур депрессияга тушиб қолмайди ва ўз соҳасида ишлашда давом этади, аммо доимий руҳий зўриқишда юради. Ота-оналар фарзандига тўғри йўл кўрсатиши мумкин, лекин энг тўғри қарор боланинг шахсий иқтидоридан келиб чиқиши керак. Ҳамманинг олий маълумотли бўлиши шарт эмас — мактаб ёки коллежда умумий таълим олиб, иқтидорига қараб бирор ҳунар эгаллаш ҳам жуда катта ютуқ. Шундагина фарзанд келажакда ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди, —дейди, невропатолог, нейрофизиолог Собитжон Қурбонов.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев ҳам бу масалада ота-она фақат йўналтирувчи куч бўлиши, боланинг қизиқиши эса биринчи планда туриши кераклигини таъкидлайди:

—Мактабни битиргунимча касбга бўлган қизиқишим тўрт марта ўзгарган: экскаваторчи, физик, муҳандис бўлмоқчи бўлганман, охири онамнинг касаллиги сабаб шифокорликни танлаганман. Ҳозир болани қизиққан соҳасидаги корхона ёки муассасаларга олиб бориб, ўша касбнинг асл моҳиятини кўрсатиш имконияти бор. Ота-она “бизнесим кимга қолади” деб болани мажбурламаслиги керак — агар у илм-фанга қизиқса, ўз йўлидан кетгани маъқул. Энг муҳими, ким бўлишидан қатъи назар, фарзандни ёшлигидан меҳнатга ўргатиб бориш зарур, — дейди у.
Шу тариқа бугунги замонавий жамиятда касб танлаш масаласи янада долзарб. Ўзбекистонда ҳар йили юз минглаб ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Шу боис ёшларнинг замонавий ва талаб юқори бўлган касбларни эгаллаши нафақат уларнинг шахсий келажаги, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам муҳим.
Қолаверса, касбий таълимга эътибор кучайиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Бугун техникум ва касб-ҳунар таълими орқали турли йўналишларда амалий билим ва кўникмага эга бўлаётган ёшларнинг сони ортмоқда. Бу эса меҳнат бозорида аниқ билим, амалий кўникма ва малакага эга мутахассисга талаб юқори эканини кўрсатади.
Шунинг учун касб танлашда фақат бугунги кун эмас, келажак ҳақида ҳам ўйлаш керак. Технологиялар ривожланмоқда, айрим касблар ўзгариб бормоқда, янгилари пайдо бўлмоқда. Аммо қандай шароит бўлишидан қатъи назар, билимини мунтазам янгилайдиган, ўз устида ишлайдиган ва меҳнатдан қочмайдиган мутахассисга эҳтиёж доимо бўлади.
Инсон севган касбини танласа, иш унинг зиммасидаги юк эмас, ҳаётдаги ўз ўрнини топиш йўлига айланади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА