Касб — имконият, билим — келажак
Андижон вилоятида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада касбий таълим муассасаларида ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув курслари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Андижон шаҳар 6-сон техникумида ҳам таълим жараёнини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни замонавий касбларга ўргатиш борасида муайян ишлар амалга ошириляпти.
Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 632 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 75 нафар педагог ходим таълим бермоқда. Техникумда электромонтёрлик, пайвандчилик, IT дастурлаш, рақамли ахборотларни қайта ишлаш, ошпазлик, мода ва тикув ишлаб чиқариш технологияси, заргарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электробус ва электромобиллар сервиси каби йўналишларда мутахассислар тайёрланади.
Муассасада асосий таълим йўналишлари билан бир қаторда, қисқа муддатли касбга тайёрлаш курслари ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда ташкил этилган ўқув машғулотлари ишсиз ва банд бўлмаган хотин-қизларни касбга ўргатиш, уларнинг даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишга қаратилган.
Эътиборлиси, хотин-қизлар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ажратилган ваучер асосида ушбу курсларда бепул таҳсил олиш имкониятига эга. Машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилиб, тингловчиларга назарий билим бериш билан бирга, амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қисқа муддатли касбий тайёрлов курслари ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Жорий йилнинг учинчи чораги якунига қадар мазкур курсларда 400 нафарга яқин хотин-қиз касбий тайёргарликдан ўтиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Уларнинг 170 нафардан ортиғи иш билан таъминланиб, меҳнат фаолиятини бошлади.
Мазкур кўрсаткичлар қисқа муддатли касбий таълим курслари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
[gallery-32259]
Зеро, касб эгаллаган хотин-қиз нафақат мустақил даромад манбаига эга бўлади, балки ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА